Кредит фожиаси. Қамчи камбағалнинг бошида синади

Камбағални туя устида ҳам ит қопар экан. Қўпол, аммо ўринли ўхшатиш. Ҳозир йўқсил оила у ёқда турсин, ўртамиёна оилаларнинг ҳам боши кредит ғалвасидан чиқмайди. Бирининг тўлови тугамасидан иккинчиси думини кўрсатиб туради.

Қарз юки нима?

Афсуски, 1 июлдан бошлаб аҳолига кредит бериш талаблари кучайтирилар экан. Марказий банк раиси шу йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон банклари учун аҳолига кредит бериш бўйича талабларни кучайтиришга оид қарорни имзолади.

Жорий этилган қарз юки кўрсаткичига кўра, агар қарз олувчи даромадининг 60 фоизини қарзни тўлаш учун ишлатса, банклар кредит беришдан бош тортишлари керак.

Ҳозирда Ўзбекистонда қарз юки талаби фақат микрокредитларга нисбатан қўлланади ва 50 фоизни ташкил этади. 2024 йил 1 июлдан бошлаб эса бу талаб барча кредитларни учун амал қилади.

Аввалги талаб каммиди?

Битта савол, ўз шунга қадар ҳам кредит олиш осонмиди? Оёғи ердан узилиб, ҳакалак отган фоиз ставкаларини бир четга қўйиб турайлик. Бир жисмоний шахс кредит олиш учун қанча югуриши керак эди?

Кредит олиш учун кафил топиш у ёқда қолиб, биргина даромадни ҳисоблашда иш ҳақи, пенсия миқдори, жамғарилган пенсия бадаллари, тўланган солиқлар, фоизлар, дивидендлар, кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар, қарз олувчининг охирги 6 ой ичида олган мунтазам даромади ҳақидаги маълумотлар ва ҳоказо, шуларнинг ўзиёқ меъёр чегараларини тўлдириб қўймасмиди?

Ҳа айтганча, кафил деганидек, кафилсиз кредит олмоқчи бўлсангиз, қайтмас кредитлар кўплигини важ қилиб белгиланган фоизнинг икки баравар миқдорида фоиз ставкаси қўшилишига нима дейсиз?

Жиловни ким тортади?

Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган хусусий ва чет эл банкларининг деярли барчаси 30-40 фоиздан камига кредит бермайди. Бу дегани олган пулингни бирга бир қайтарасан деганими? Ҳатто қўшни Қозоғистонда ҳам кредит фоизлари ўламан деганда 15 фоизни кўрсатади. Қирғизистонда 22 фоиз. Европани олиб қарайдиган бўлсак, Францияда 6-7%, Германияда 7%, АҚШ да 9%, Британияда максимал 20% ни ташкил этади. Ҳатто Саудия Арабистонида ҳам кредитлар 6 % дан ошмайди.

Асосий қарзи у ёқда қолиб фоиз тўлаш билан умрини ўтказаётган ўртамиёна қатлам вакиллари нима қилсин? Истаса-истамаса топган маошини ярмидан кўпини кредит ёпиш учун сарфлайди-да!

Банкирларнинг “тилини топган” одамлар арзимаган нарсани гаровга қўйиб миллиардлаб кредит олиб, еб кетяпти. Ёки осонгина чет элга “суриб”, даврини суряпти. Оқибати қамчининг зарби яна оддий ва хокисор халқнинг бошида синади.

Аҳоли топганини кредит тўлашга сарфлаяпти деб қарз юки кўрсаткичини ошириш ўрнига фоиз ставкалари жиловини тортиб қўйиш керак эмасми? Кредитлар ортида турган коррупция ҳолатларига барҳам бериш асли биринчи ўринда турмайдими?