“Ўзбекнефтгаз” АЁҚШларининг эгаси ўзгарди

Шу кунга қадар “Ўзбекнефтгаз” компанияси таркибида бўлган “UNG Petro” МЧЖ (республика бўйича жами 78 та АЁҚШга эгалик қилади) хусусий секторга сотиб юборилган.

Давактив агентлиги 2023 йил май ойида “UNG Petro” МЧЖни хусусийлаштириш ҳақида эълон берган бўлсада, ушбу давлат мулкини айни пайтдаги эгасига қачон ва қайси шартларда сотгани ҳақида бирорта маълумот берганича йўқ.

Статагентликнинг очиқ маълумотлар портали “UNG Petro” МЧЖга доир бўлимида устав капиталида 265 млрд сўм бўлган “заправка”лар тармоғи эгалиги 100 фоиз улуш билан 2023 йилнинг 4 октябрида Тошкент шаҳрида рўйхатдан “PETROLEUM TECHNOLOGY GROUP” МЧЖга ўтганини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мазкур “беш ойлик” компания (устав фонди 100 млн сўм) Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Камилов Данияр Абдулазизовичга тегишли.

Данияр Камилов, шунингдек, пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биносини сотиб олган “METROPOL GROUP” МЧЖнинг ҳам ягона таъсисчиси ҳисобланади.