Тил ўрганувчилар учун “SpeakingClub.uz” платформаси яратилди 

Кўпчиликда хорижий тилда муваффақиятли суҳбатлашиш, тушуниш учун ресурс ва манба мавжуд эмас. Инсонлар фақат хорижий тилларда суҳбатлашишни исташади, аммо фикрлашни эмас. Яна бир муаммо шундаки, хорижий тилларни ўрганиш асосан ёшлар орасида оммалашган.

Масофанинг аҳамияти йўқ. Қаерда бўлсангиз ҳам интернет тармоғи мавжуд жойда 10 яқин хорижий тилни ўзингиз истаган ўқитувчидан ўрганиш имконияти мавжуд. Бунинг учун “SpeakingClub.uz” платформаси сизга яқиндан ёрдам беради. Платформа 5 ёшдан юқори барча тил ўрганувчилар учун мўлжалланган бўлиб, дарсларга хорижий тиллар бўйича малакали ўқитувчилар жалб қилинади. Мазкур платформада босқичга мос тарзда гуруҳ ва ўқитувчи танлаш имконияти яратилган. Ўқувчи дарсни ўзига қулай вақтда томоша қилиши мумкин. 

Чет тилини ўрганиш – давр талаби. Бунинг учун мамлакатимизда барча имкониятлар яратиб берилган. Боғча, мактаб, лицей, олийгоҳ ва ўқув марказларида дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликлар жорий этилган. Ўтган 2023 йилда Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси бўйича 113 та давлат орасида 93-ўринни эгаллаган. 

– Ўқитиш тизими самарали бўлиши учун “ёзув-ўқиш-суҳбатлашиш” учлиги ҳамоҳанг ишлаши зарур, – дейди “SpeakingClub.uz” лойиҳаси раҳбари Азиза Асланова. – Бугун кузатувларга кўра аниқ бўлишича, ёзув талаби илгари сурилмоқда, ўқиш ҳам йўналтирилиб борилмоқда. Аммо сўзлашув тизимида анча-мунча оқсашлар бор. Муваффақиятга эришишда тўсиқлар мавжуд. Мутахассис сифатида таъкидлашим лозимки, сўзлашув кўникмасини ривожлантириш орқали таълим сифатини, хусусан, хорижий тилларни ўқитиш сифатини оширишга ёрдам бериш мумкин. Ҳозирги кунда хорижий тилларни мукаммал эгаллаган ҳар қандай шахс юксалади. Тил ўрганувчилар хорижий тилларни ўраниш учун ёзиш, тинглаш ва суҳбат қуриш кўникмаларини мукаммал ўзлаштириши талаб этилади. 

Мутахассиснинг таъкидлашича, чет тилини билиш, биринчи навбатда, коммуникатив компетенцияларни эгаллаш деганидир. Тил оғзаки ва ёзма нутқни тушуниш, шунингдек, оғзаки ва ёзма равишда мулоқот қила олиш учун ўрганилади. Луғат бойлиги ва грамматикани билиш эса тушуниш ва мулоқот учун хизмат қилиши керак. “SpeakingClub.uz” ҳар бир тил ўрганувчига ўз хизматини таклиф этади. Бу мамлакатда нафақат ёшларнинг, балки 40 ёшдан юқори бўлган инсонларнинг билим ва кўникмалари ривожланишига хизмат кўрсатувчи платформа ҳисобланади.