Ўзбекистон эркинлик рейтингида 100 баллдан 12 балл тўплади

Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонни яна эркин бўлмаган давлатлар қаторига киритди. «Дунёда эркинлик — 2024» янги рейтингида Ўзбекистон 100 баллдан 12 балл тўплади. Мамлакат ўтган йили ҳам худди шундай кўрсаткични қайд этганди.

Freedom House эркинлик даражасини икки омилнинг ривожланиши билан баҳолайди: сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари. Ўзбекистонга сиёсий ҳуқуқлар бўйича 2 балл, фуқаролик эркинликлари бўйича 10 балл берилди.

Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши кўрсаткич ҳамон Қирғизистонда (27 балл, эркин эмас), унда кейинги ўринларда Қозоғистон (23 балл, эркин эмас), Тожикистон (5 балл) ва Туркманистон (2 балл) жой олган.

Финляндия энг юқори рейтинг баҳосини олди — 100 балл. Ундан кейинги ўринларда 99 балл билан Янги Зеландия ва Швеция бормоқда.

Энг ёмон натижаларни Тибет (0 балл), шунингдек, Сурия ва Жанубий Судан (ҳар бирида 1 балл) қайд этди.

Freedom House ўз ҳисоботида дунё бўйлаб эркинлик даражаси кетма-кет 18-йил пасайганини таъкидлади.

«Сайловлардаги манипуляция эркинлик глобал йўқ қилинаётганининг асосий сабабларидан бирига айланди», — дейди экспертлар. Баҳсли ҳудудлар устидаги қуролли можаролар ҳам сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликларининг ёмонлашишига олиб келган.

«Озодлик учун глобал кураш 2024 йилда ҳал қилувчи синовга дуч келади, бу йил дунё аҳолисининг қарийб ярми сайловга боради, Мьянма, Судан, Украина ва бошқа мамлакатларда эса можаролар давом этади. Плюрализмга қарши давомий ҳужумлар сайловчиларнинг бефарқлашувига, янада тарқоқлашишига ва ҳатто зўравонликка олиб келиши мумкин, чунки улар демократия ҳамма учун фойдали бўлиши ва сиёсий ғоялар, эътиқодлар ва этник келиб чиқишнинг хилма-хиллиги куч-қувват манбаи экани ҳақидаги ваъдани бузади. Агар демократик давлатлар бу чақириқларга жавоб бермаса, 2025 йилда дунёда катта қисм одамлар фундаментал эркинликлардан маҳрум бўлади», — дея огоҳлантиради рейтинг муаллифлари.