Дунёда яшиллашув позицияси. Ким қандай ҳаракатда?

Бугун бутун дунё аҳли Ернинг яшил бойлиги бўлмиш дарахтларни кўпайтириш, экологик барқарорликни сақлаш ҳақида бош қотирмоқда. Чунки олдинда инсониятни аномал иссиқ, қурғоқчилик ва бошқа офатлар кутиб турибди. Гарчи янги қонунлар аксарият тадбиркор ва инсонларнинг тутуинини чиқариб юборса-да, Ўзбекистонда ҳам яшил ҳудудларни кенгайтириш ва табиатни асраш мақсадида қатор ишларни амалга ошириш бошланди.

Хўш, дунё давлатларининг бу борадаги тажрибаси қандай?

Германия

Германиянинг учдан икки қисми ўрмонлардан ташкил топган. Дунёдаги энг зич ўрмонга эга мамлакат ҳам шу. Бироқ глобал исиш натижасидаги ёнғинлар, урбанизациянинг ортиши боис ўрмонларнинг катта қисми йўқ бўлиб кетяпти. Олмонлар келажак аҳволини айни шу дарахтларга боғлиқ эканлиги яхши билади. «Германияда дарахт экиш» лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра ҳисобланган карбонат ангидрид газининг ҳар бир тоннаси учун бир ниҳол экилиши шарт.

Франция

Францияликлар Европанинг энг сердарахт ҳудудида яшашидан фахрланади. Аммо жазирама иссиқ Францияни ҳам четлаб ўтмайди. Шу сабабдан мамлакат 2026 йилгача 170 000 туп кўчат экишни белгилаб олган.

Сингапур

Гарчи ҳудуди нисбатан кичик бўлса ҳам Сингапурда 2030 йилга қадар 130 та стадионга тенг келадиган 130 гектардан ортиқ майдонга дарахт экиш мақсад қилинган.

Буюк Британия

Туманли Альбион расмийлари 2050 йилга қадар Лондоннинг тенг ярмини яшил ҳудудга айлантиришга бел боғлаган. Уй томлари, деворлар ва бинолар оралиғи яшил ўсимликларга ажратилади. Балки келажакда бу жойни “яшил Альбион” деб атармиз.

Малайзия

Гарчи бу давлат ўзининг мўътадил табиати, таълим ва иқтисодиёти билан дунёга машҳур бўлса ҳам яшил дўстларга бефарқ эмас. Келгуси беш йилда «Яшил Малайзия» дастури асосида 100 миллион туп дарахт экиш белгилаб олинган.

Жанубий Корея

Доим янгилик ва яшаришга интилган корейслар экологияни ҳам “ёшартириш” ҳаракатида. Давлат ҳудудидаги ўрмонларда мавжуд 300 миллионгача бўлган қуриш арафасидаги дарахтлар кесилиб, ўрни 3 миллиардгача янги ниҳоллар билан тўлдирилади. Мана сизга корейсча ислоҳот.