BYD компанияси янги Seagull Honor Edition электромобилини чиқарди. Олдинги моделларга қараганда ихчам бу серияда уч хил модификациядаги, аккумуляторлари икки тоифага мансуб машиналар таклиф этиляпти. Энг муҳим жиҳатларидан бири — арзонлиги, оддий версиясининг нархи 10 минг доллар ҳам чиқмайди.
Демак, уч хил модификация таклиф этиляпти:
- Active — 9 700 доллар;
- Free — 10 530 доллар;
- Flying — 11 920 доллар.
Seagull Honor Edition ўлчамлари: 3780 x 1715 x 1540 мм. Электр моторининг кучи — 55 кВт, айлатирма момент — 135 Нм. Seagull Honor Edition соатига 50 км тезлик олиш учун 4,9 сония сарфлайди.
Seagull Honor Edition машиналарида икки тоифа аккумуляторлар ўрнатилади. Стандарт — 30,08 кВтс қуввати 305 км йўл босишга етади. Топ-модел Flying аккумулятори сиғими 38,88 кВтс бўлиб, 405 км масофага мўлжалланган.
Базавий версия 15 дюймли пўлат дисклар, хавфсизлик ёстиқчалари, парковка датчиклари, орт камера ва круиз-назорат тизими билан жиҳозланган.
Free ва Flying электромобиллари эса 16 дюймли енгил (алюминий) дисклар, ҳайдовчига ёрдамчи ADAS тизими, белгиларни таниш тизими, мослашувчан круиз-назорат ҳамда йўлдан чиқиб кетганда ишга тушувчи фавқулодда тормозланиш ва огоҳлантириш функцияларига эга.
Барча моделларда ёруғлик диодли фаралар ўрнатилади, рул чамбараклари сунъий чарм билан қопланади, смартфонлар учун симсиз қувватлагичлар, Bluetooth, 4G NFC ҳамда ҳайдовчининг ойнаси қисилиб қолишдан ҳимояланган электр ойна кўтаргичлар ишлайди.