6-8 феврал кунлари дарсларга сабабсиз 188 000 ўқувчи келмаган — Миллий гвардия

Миллий гвардия ахборот хизмати АОКАда ўтказилган брифингда мактабларда ўтказилган дастлабки ўрганишлар ва кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ўқувчилар давомати ижобий томонга ўзгараётганини маълум қилди.


Келтирилишича, ҳозирда мактаблардаги инспектор-психологлар ва маҳалла еттилиги ҳамкорликдаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, вилоятлар бўйлаб олиб борилаётган манзилли ишлар доирасида туман ва маҳаллалар кесимида ҳар бир мактаб ўрганилмоқда ва унда дарсга келмаган 146 277 ўқувчидан 96 708 нафари (1,5%) касал ва жавоб сўраганлар, 49 569 нафари (0,8%) дарсга сабабсиз келмаганларни ташкил қилади.


Хусусан, дастлабки ўрганишларда жорий йил 68 феврал кунлари дарсларга сабабсиз 188 000 ўқувчи келмагани аниқланган.


Шунингдек, Миллий гвардия касаллик баҳонаси билан дарсга қатнашмаслик ҳолатларини ҳам ўрганиб чиққан.


“Биргина Қашқадарё вилояти мисолида олсак. Ўтган ҳафтада касал деб белгиланган ўқувчиларнинг уйларига бориб ўрганилганда 50 та ҳолатда касал эмаслиги, аксинча, сабабсиз дарсга келмагани аниқланган. Ўқувчиларнинг барчаси дарсларга қайтарилиб, ота-оналарига маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди. Бу каби ҳолатлар Республикамизнинг барча ҳудудларида қайд этилган”, — дейилади хабарда.


Таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг нафар ота-оналар расмий огоҳлантирилди, тўрт мингга яқинига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўра маъмурий чора кўрилди.


Сабабсиз дарсга келмай юрган ўқувчиларни мактабга қайтариш бўйича 104 минг нафардан ортиқ ота-оналар билан жойларда учрашувлар ўтказилди. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида республикадаги мактабларда давомат ижобий томонга ўзгариб, дарсга келмаётган ўқувчилар кунига ўртача 30 мингтага камайиб бормоқда, дея тушунтирди Миллий гвардия ходими.


Шунингдек, тизим вакилининг сўзларига кўра, мактабларда дарс бошланиши билан келмаган ўқувчилар тўғрисида ўқитувчиларнинг ўз вақтида инспектор-психологга маълумот бермоқда. Инспектор психолог маҳалла раислари билан бирга ўқувчининг ота-онаси билан учрашиб, ҳолатга аниқлик киритмоқда. Бу билан мактаб директори ва ўқитувчиларнинг давоматга умуман жавоб бермаслиги ва дарсларни сифатли ўтишига имкон яратилди, дейилади хабарда.


Келтирилишича, 6 февраль кунидан 7 март кунига қадар янги тизимда амалга оширилган ишлар натижасида, 1 млн 769 минг нафар ўқувчи мактабларга қайтарилди. Ҳозирда республика бўйича давомат 97,7 фоизга етди.