Газ портлаши оқибатида 3 нафар ҳиндистонлик талаба жароҳатланди

Фарғонада газ портлаши оқибатида 3 нафар Ҳиндистон фуқароси жароҳатланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Кеча, 11 март куни Фарғона шаҳар Шарқ кўчаси 10-уйда газ портлаган. Оқибатда ушбу уйда ижарада яшаган 3 нафар Ҳиндистон фуқароси турли хил термик куйиш жароҳатларини олган. Ҳозирда уларга шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Жабрланганлардан 2 нафари 2001 йилда, бир нафари эса 2003 йилда туғилгани аниқланган. Уларнинг барчаси Фарғона Жамоат-саломатлиги тиббиёт институти талабалари бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг 20 ёшдаги ҳиндистонлик талабаси Навас Насмел вафот этганди.