Масъул раҳбарлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими йўлга қўйилади

“Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-49-сон, 13.03.2024 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилишида раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш мақсадида:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини рағбатлантириш тўловлари миқдори уларнинг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб белгиланади;

чорак якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари “қониқарсиз” деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига рағбатлантириш тўловлари келгуси 3 ой учун тўхтатилади ва уларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади;

Бундан Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида самарадорлик кўрсаткичлари асослантирилган сабабларга кўра бажарилмаганлиги тасдиқланган ҳоллар мустасно

йил якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари “қониқарсиз” деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.