Асосий фоиз ставкаси нима?  Марказий банк иқтисодиётга қандай таъсир ўтказади?

Марказий банк 2024 йил 3 мартда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Шу ўринда савол туғилади, асосий фоиз ставкаси нима ва у бизнинг ҳаётимизга қандай таъсир кўрсатади?

Марказий банкнинг асосий ставкаси — МБ томонидан тижорат банкларига кредитлар беришнинг минимал фоизи ҳисобланади.

Асосий ставка даражаси Марказий банк бошқаруви мажлисларида пул-кредит сиёсати шароитлари, жорий ва кутилаётган инфляция даражаси ҳамда макроиқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгиланади.

Одатда, агар инфляция даражаси кўтарилса, Марказий банк ҳам асосий ставкани кўтаради. Агар инфляция даражаси пасайса, бунда Марказий банк асосий ставкани пасайтиради.

Ўз навбатида, тижорат банклари асосий ставканинг траекториясини кузатиб, пул бозоридаги ликвидлик яқин келажакда арзон ёки қимматлашишини тушунадилар. Табиийки, бу эса, банкларни ўз маҳсулотлари ва хизматлари нархларини ўзгартиришга ундайди (масалан, аҳоли ва тадбиркорлардан жалб этиладиган омонатлар ва уларга ажратиладиган кредитлар билан боғлиқ харажатлар).

Асосий ставка кўтарилса ёки тушса, бу нимани англатади?

Агар иқтисодиётда инфляция даражасининг ўсиш суръати жиддий тезлашса ва Марказий банк асосий ставкани кўтарса, ушбу ҳолат банклар томонидан депозит ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларини ошириш эҳтимолини юзага келтиради.

Банклар МБдан кредит олиб, компанияларга, чакана истеъмолчиларга ва бошқа банкларга ўзларининг фоиз ставкалари бўйича кредитлар беришади, бу Марказий банк ставкасидан бир оз юқори бўлади.

Асосий ставка пул-кредит сиёсатининг асосий қуроли бўлиб, унинг ёрдамида Марказий банк сўмнинг курсини назорат қилиши ва мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатиши мумкин.

Паст ставка пул арзонлигини англатади. Натижада корхоналар ва аҳолининг кредит олиш фаоллиги, тадбиркорлик, шу билан бирга иқтисодиёт ҳам ривожланади. Аммо, бундай сиёсатнинг салбий таъсири инфляциянинг ошиши бўлиши мумкин.

Асосий ставка паст бўлганда чайқовчиликнинг фаоллиги ошади, шунинг учун банклар хорижий валютани фаол равишда сотиб олишади. Табиийки бу бозорда тобора кўпайиб бораётган сўмнинг қадрсизланишига олиб келади. Бунга жавобан Марказий банк ҳам ставкаларни ошириши мумкин. Шунда валюта савдоси камроқ фойда келтиришни бошлайди, чайқовчилар бозордан сўм сотиб олади ва курс барқарорлашади.

Агар иқтисодиётда инфляциянинг сезиларли тезлашиши кузатилса ва Марказий банк асосий ставкани оширса, пул жалб қилиш харажатлари ошиши сабабли банклар кредитлар ва депозитлар бўйича фоиз ставкаларини ошириши мумкин. Бироқ, шу билан бирга, юқори ставка ҳам салбий оқибатларга олиб келади: аҳолининг харид қобилияти ва иқтисодий ривожланиш суръатлари пасаяди.

Инфляциянинг пасайиши ва шунга мос равишда асосий ставканинг пасайиши билан банклараро ва халқаро банклараро бозорда пул маблағларини жалб қилиш арзонлашади ва шунга мос равишда улар нисбатан паст фоиз ставкаларида кредитлар беради, уй хўжаликлари ва корхоналар учун молиявий ресурслар арзонлашади.