Сўнгги йилларда технология тараққиёти, глобаллашув, маҳсулот ва хизматларга талаб туфайли саноат корхоналари сони муттасил ортиб бормоқда. Статистика агентлигининг маълумотларида келтиришича, республикамизда жорий йилнинг 1-март ҳолатига кўра, саноат соҳасида 110 851 та корхоналар рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг ўсиш сурʻати 2023-йилнинг мос даврига нисбатан 103,1 фоизни ташкил этди.
Сўнгги йилларда ушбу соҳада рўйхатдан ўтган корхоналарнинг динамикаси қуйидагича (1-март ҳолатига):
2020-йилда – 76 931 та;
2021-йилда – 91 829 та;
2022-йилда – 97 966 та;
2023-йилда – 107 561 та;
2024-йилда – 110 851 та.
Ҳа, саноат корхоналари йилдан-йилга фақат ошмоқда. Бу тенденсия ҳам иқтисодиётга, ҳам жамиятга кўп фойда келтирган бўлса-да, у ўзининг муаммолари ва камчиликлари билан бирга келади.
Хўш, саноат корхоналари копайишидан давлат қанчалик ютмоқда, нималарни бой бермоқда?
Саноат корхоналарини кўпайтиришнинг энг катта афзалликларидан бири бу иқтисодиётдаги ўсишдир. Бу корхоналар иш ўринлари яратади, даромад келтиради ва умумий иқтисодий ўсишга ҳисса қўшади. Улар, шунингдек, инновациялар ва рақобатни келтириб чиқаради, бу эса истеъмолчиларга фойда келтирадиган янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқишга олиб келади. Бундан ташқари, саноат корхоналари кўпинча тадқиқот ва ишланмаларга сармоя киритади, бу эса кенг қамровли технологик тараққиётга олиб келиши мумкин.
Бошқа томондан, танганинг иккинчи ва оғриқли томони ҳам бор. Саноат корхоналарининг тез ўсишидан энг катта ташвиш – бу уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири. Саноат фаолияти ҳаво ифлосланишига, дарахтларнинг кесилишига ва табиий ресурсларнинг камайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу экотизимларга, сув манбаларига ва ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга баъзи ҳолларда саноат корхоналари ҳам иссиқхона газларини чиқариш ёки турли чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатмаслик, ўрнатган тақдирда, талабга жавоб бермаслиги орқали иқлим ўзгаришига ҳамда атмосфера ҳавоси тозалигига салбий таъсир қилмоқда.
Саноат корхоналари ўсишининг яна бир мумкин бўлган салбий томони бу маҳаллий ҳамжамиятларга таъсиридир. Саноат фаолиятининг кучайиши тирбандлик, шовқин, ифлосланиш каби бир неча ноқулайлик ортидан жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Албатта, келиб чиқадиган муаммолар ҳудуд аҳолисининг яшаш ва ҳаёт сифатини ёмонлаштиради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, саноат корхоналарининг ўсиши иқтисодиёт ва жамият учун кўп фойда келтириши билан бирга, ўзига яраша муаммолари ҳам бор. Сиёсатчилар, саноат раҳбарлари ва манфаатдор томонлар иқтисодий ривожланиш ва барқарор амалиётлар ўртасида мувозанатни топишлари ҳамда кўрилаётган фойдадан кўра экология ва аҳоли саломатлигини устун қўйишлари керак. Саноат корхоналарининг бу қадар тез суръатларда ўсиши бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жорий қилиш, тоза технологияларга сармоя киритиш ва масъулиятли бизнес амалиётларини тарғиб қилиш орқали саноат корхоналари атроф-муҳит ва жамиятларга салбий таъсирини минималлаштириш билан бирга ривожланишда давом этиш чораларини топиш тезроқ ва самаралироқ амалга оширишни талаб этади.
Эслатиб ўтамиз, Ogoh.uz аввал саноат корхонлари ва кўнгилочар жойлар учун биргина Тошкент шаҳар миқёсида йўқотилган экотизим мавзусига атрофлича тўхталган эди.