«Ангрен» ИЭСга ҳавони ифлослантиргани учун 533 млн компенсация белгиланди

«Ангрен иссиқлик электр станцияси”да атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламалар меъёридан ошганлиги аниқланди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабарига кўра, вазирликнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан “Ангрен иссиқлик электр станцияси” (Ангрен ИЭС) фаолияти текширилган.


Текширув давомида корхонанинг 1- ва 3-манбаларидан атмосфера ҳавосига ташланаётган ташламалар таркибини ўрганиш бўйича таҳлил намуналари олинди.

Натижада, 1-манбада углерод оксиди белгиланган меъёрдан 4,37 баробар (8,3209 г/с (1,9022 г/с), азот оксиди 7,68 баробар (31,7488 г/с (4,1321 г/с), 3-манбада эса азот оксиди меъёрдан 15,24 баробар юқори эканлигини (42,3119 г/с (2,7757 г/с) маълум бўлган.
Ҳолат бўйича 2023 йил 4-чораги ва 2024 йил январ-феврал ойларида атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламалар меъёридан ошганлиги учун қўшимча равишда 140 млн 781 минг 348 сўм компенсация тўлови белгиланди. 

Шунингдек, ИЭСга 2022–2023-йиллардаги фаолияти давомида атмосфера ҳавосига ташланган ташламалар ва кўмир кули чиқиндиси учун ҳисоб-китоб қилинганлиги кўриб чиқилганда, корхонанинг чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлиги ҳисобга олинмаганлиги сабабли 2022 йил учун қайта ҳисоб-китоб қилинди ва қўшимча равишда 263 млн 739 минг 791 сўм ва 2023 йил учун қўшимча равишда 129 млн 162 минг 386 сўм компенсация тўлови ҳисобланди.

Корхонага нисбатан атмосфера ҳавосига етказилган зарар учун жами 533 миллион 683 минг 525 сўм компенсация тўлови белгиланди.

Бундан ташқари, текширув ишларига тўсқинлик қилган Ангрен ИЭС ходими Д.М.га нисбатан МЖтКнинг 197-моддаси прим 6-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юбориш учун тайёрланмоқда.