Ўзбекистонда дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилди

Дронларни ноқонуний олиб кириш, сақлаш ва фойдаланишда биринчи марта айбланган шахслар энди маъмурий жавобгарликка тортилади. Илгари фақат қамоқ жазоси назарда тутилган жиноий жазолар ҳам енгиллаштирилмоқда.

Ўзгартиришлар уч ойдан кейин кучга киради, деб хабар қилди Божхона қўмитаси матбуот хизмати. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 28 ноябрь куни биринчи ўқишда, 12 декабрда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинганди. Сенат томонидан эса 19 январь куни маъқулланган.

Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидагича жазоланади:

  • БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (8 млн 500 минг сўмдан 17 млн сўмгача) миқдорда жарима;
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 3 йилгача озодликни чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Маълумот учун, ҳозирда амалдаги қонунчиликка биноан учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки фойдаланиш учун фақат жиноий жавобгарлик назарда тутилган (Жиноят кодексининг 244−4-моддаси 1-қисми билан — 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, оғирлаштирувчи ҳолатларда — 10 йилгача).

Божхона қўмитаси таъкидлашича, ўзгартиришлар жамиятимизда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, мамлакатимизга чет эллик сайёҳлар оқимини тобора кенгайтиришга хизмат қилади.