Президент ҳузуридаги Статистика агентлигига 2025−2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Бу давлат раҳбарининг 5 мартдаги қарори билан тасдиқланган расмий статистика соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича «йўл харитаси»да назарда тутилган.
2024 йил давомида агентлик аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини давом эттиради. Жумладан, агентликка аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлаш, 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштириш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, агентлик халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини такомиллаштириши ва рўйхатга олиш натижалари чиқувчи жадваллар намуналарини шакллантириши, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини ишлаб чиқиши керак.
Аҳолини рўйхатга олиш эса 2025−2026 йилларда ўтказилиши, натижалари эса 2026−2027 йилларда тайёрланиши ва эълон қилиниши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, 2025 йил охиригача Статистика агентлиги қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишга доир услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш керак. Бу мамлакат аграр секторининг ҳолатини — ер участкалари ҳажми, ер эгалиги, ердан фойдаланиш турлари, майдонлар, суғориш, чорва моллари, жалб қилинган меҳнат ва бошқа қишлоқ хўжалиги ресурсларини акс эттирувчи тадқиқотдир.
2027−2028 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга ошириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган.
Ўзбекистон ҳукумати 2023 йил ноябрь ойида аҳолини рўйхатга олиш жараёнини электрон форматга ўтказишни режалаштириб, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1 ноябрга белгиланган ва 25 ноябрда якунланиши керак эди. Бироқ, тадбирни ўтказиш учун ҳал қилинмаган молиявий муаммолар мавжудлиги айтилганди. 2019 йил октябр ойида аҳолини рўйхатга олиш харажатлари тахминан 100 миллион долларга баҳоланган, бу мамлакатдаги ҳар бир киши учун тахминан 3 долларни ташкил этади.
