Соғлом экологик келажак яратиш ишларида Европа мамлакатлари орасида Германия пешқадамлик қилиб бормоқда. Қайта тикланадиган энергия манбаларига сармоя киритиш ортидан мамлакатда иссиқхона чиқинди газлари ўтган йили ўндан бирга камайди.
Мамлакат 2030 йилга бориб, ўз чиқиндиларини 1990 йилга нисбатан 65 фоизга қисқартиришга ҳаракат қилмоқда. Германия иқтисодиёт ва иқлим вазири Роберт Ҳабек «Агар биз шу йўсинда давом этсак, 2030 йилга бориб, иқлим борасида ўз мақсадларимизга етамиз», деди ўз сўзларида.
Германия чиқиндиларни қандай камайтирмоқда?
Европа Иттифоқининг 2035 йилга бориб, дизелли автомобилларни тақиқлаш ташаббусига монанд, Германия ҳукумати аллақачон мамлакатда миллиондан ортиқ электромобиллар ҳаракатини йўлга қўйган. Бугунга келиб Европанинг ҳеч бир ҳудудида Германиячалик электромобиллар тизими йўлга қўйилмаган.
2022 йилда бутун дунёда қуёш панелларининг ўрнатилиши 49 фоизга ошди. Германия эса қуёш энергияси мосламаларини ўрнатиш бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллади.
Мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг маълумотларига кўра, Германия 2023 йилда 673 миллион тоннага яқин иссиқхона газларини чиқарган, бу ўтган йилгига нисбатан 76 миллион тонна ёки 10 фоизга камайганини билдиради.
Россия энергиясига том маънода ҳаммадан кўра кўпроқ қарам бўлган, Россия-Украина уруши бошлангандан сўнг, глобал иқтисодий заифлик ва инфляция хуружида қолиб кетган Германия бугун ўз энергия барқарорлигини таъминлашга эришди.
Коммунал қуёш қабристони
Бундан ташқари Франция аҳолиси ноодатий ғояни илгари сурмоқда. Мамлакатнинг кичик бир шаҳарчаси аҳолиси ўз ҳудудидаги қабристонларни қуёш панеллари майдонига айлантирмоқда. Қабристон устига ўрнатилаётган қуёш панеллари маҳаллий аҳолини энергия билан таъминлаш учун хизмат қилади.
Бу ташаббусга Франция ҳукуматининг мутлақо алоқаси йўқ ва қурилиш ишлари ҳам айнан маҳаллий аҳоли томонидан амалга оширилмоқда. Агар «Коммунал қуёш қабристони» лойиҳаси иш берса, кичик қабристондаги панеллар камида 800 та хонадонни энергия билан таъминлашга қодир бўлади.