Жазоланган «курси эгалари»: улар қандай жиноятлар содир этмоқда?

Бош прокуратуранинг маълумотларига кўра, 2023 йилда 3 412 та жиноий иш бўйича 3 575 нафар мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган. Қайд этиш керакки, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 14,7 фоизга ёки 459 нафарга ошган. Шундан келиб чиқсак, 2022 йилда 3 116 нафар мансабдор шахслар 2 965 та жиноий иш бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.

Умумий ҳисобда 2023 йилда давлат буджетига 1 триллион 12 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган бўлиб, шундан 847 миллиард сўми ундирилган.

Жавобгарликка тортилган «курси эгалари»

Республикамиз бўйича 2023 йилда мавқеи бўйича жазоланган мансабдорлар 49 нафарни ташкил қилди. Бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан бир мунча кам. Масалан, 2022 йилда мамлакат миқёсида 110 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Вилоятлар бўйича эса 2023 йилда 267 нафар ходимлар жазоланган бўлса, 2022 йилда 264 нафар “курси эгаси” жавобгарликка тортилган.

Порахўрлар ҳам кўпайган

Бош прокуратура эълон қилган маълумотларга қараганда, 2023 йилда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳокимият ёки мансаб доирасидан четга чиқиш каби жиноятларнинг сони камайган. Мансаб сохтакорлиги ва мансабга совуққонлик билан қараш жиноятлари эса кўпайган.

Эълон қилинган статистикага ишонадиган бўлсак, 2023 йилда 2 103 нафар мансабдорлар томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жинояти содир қилинган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 2 205 нафарни ташкил қилган.

Шунингдек, 2022 йилда 169 нафар амалдор пора билан қўлга тушган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич янгиланиб 195 нафарга етган. Ўз фаолиятини суиистеъмол қилиш жинояти бўйича давлат буджетига 1 миллиард 546 миллион сўм миқдорида зарар еткзилган бўлиб, шундан 1 триллион 310 миллиард сўми яъни 84,7 фоизи ундирилган.