Фуқароларни сарсон қилаётган авиакомпания

Ижтимоий тармоқларда аҳоли ўртасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган “Humo Air” мижозларни сарсон қилмоқда, пуллар қайтарилмаяпти…” шаклида фуқаролар ўз эътирозларини билдириб мурожаатларини қолдирган. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу ҳолатни ўрганиб чиққанини маълум қилди.

284 та авиа рейслар бекор қилинган

Таъкидланишича, ҳақиқатан ҳам “Humo air” МЧЖ томонидан 2024 йилда 284 та авиа рейслар бекор қилингани ва авиачипта харид қилган йўловчилар пулларини қайтариб ололмаган.

Бу билан авиакомпания Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19 ва 21-моддалари талаблари бузилганлиги аниқланди.

1 млрд 500 млн сўм маблағ истеъмолчиларга қайтарилди

Қўмита олиб борган ўрганишлар натижасида “Humo air” МЧЖга бугунги кунгача истеъмолчилардан келиб тушган 3000 нафар мурожаатлар улардан 2000 нафар йўловчининг мурожаати қаноатлантирилди ва авиачипта учун тўлаган 1 млрд 500 млн сўм маблағ истеъмолчиларга қайтарилиши таъминланди.

Шунингдек, 6 нафар истеъмолчининг талабига кўра, авиакомпания ўз ҳисобидан бошқа авиакомпаниядан 7 млн 498 минг 758 сўмга чипталарни харид қилиб топширди. Авиакомапания томонидан парвози амалга ошмаган қолган йўловчиларга ҳам пулни қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Рақобат қўмитаси фойдаланилмаган авиачипталар учун истеъмолчиларга тўлақонли тўловларни қайтариш бўйича назорат ўрнатилганлигини маълум қилади.