Андижонда ўқитувчи тест саволларини бажаролмаган ўқувчиларни калтаклади

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги мактаб ўқувчисининг аёвсиз калтаклангани фотоси ва хабари тарқалмоқда. Унга кўра, 16 март куни Андижон шаҳрининг Гумбаз ҳудудида жойлашган “Кристал” кимё ва биология хусусий мактабининг Диёр исмли кимё фани ўқитувчиси бир кун муқаддам берилган тест саволларига жавоб тополмаган камида беш нафар ўқувчини 15 размерли политилен трубаси билан аёвсиз калтаклаган.

Ўқувчилардан бирининг айтишича, кимё фани ўқитувчиси ҳар бир ўқувчини бир нотўғри тест жавоби учун 10 мартадан калтаклаган.

Ўқувчилардан бирини “50 та тест саволига жавоб бера олмадинг” дея, иккала қўл ва елка соҳасига 500 марта политилен трубаси билан савалаган.

Суратларда калтакланган болаканинг қўллари ва елка соҳаси калтакдан кўкариб, момоталоқ бўлиб кетганини кўриш мумкин.

Маълум бўлишича, бундай аёвсиз калтаклашлар хусусий мактабда мунтазам равишда такрорланар, аммо ўқувчилар қўрққанидан қийноқлар ҳақида ота-оналарни хабардор этмасдан келган.

Хабар кенг миқёсда тарқалган ва бу ҳодисага бир неча кун бўлишига қарамасдан маъсул ташкилотлар муносабат билдирганича йўқ.