Ўлим жазоси тикланадими?: Россия Давлат Думаси «Crocus City Hall» даги ҳужумдан кейин ўлим жазосини қайтариш масаласини муҳокама қилмоқда. «Бугунги кунда бу теракт иштирокчилари учун ўлим жазосидан бошқа жазо бўлиши мумкин эмас», — дея таъкидлади ЛДПР раҳбари Леонид Слуцкий.
ИШИД аъзолари қидирилмоқда: Туркия полицияси ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумон қилинган 147 кишини ҳибсга олди. Республика Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерлиқоянинг сўзларига кўра, операция бир вақтнинг ўзида Туркиянинг 30 та вилоятида ўтказилган. Операция давомида ИШИД фаолиятига оид муҳим ҳужжатлар ва рақамли ахборот воситалари мусодара қилинган.
Теракт айбланувчиларининг яқинлари сўроққа тутилди: Тожикистонда Москвадаги теракт иши бўйича айбланаётганларнинг яқинлари сўроқ қилинмоқда. «Crocus City Hall» га қилинган ҳужумда айбланиб ҳибсга олинганларнинг етти нафари Тожикистон фуқароларидир. Маълумотлакрга кўра, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбеда ўтказилаётган тергов жараёнини шахсий назоратига олган.
Россияга бормай туринг: Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга бориш учун узрли сабаблари бўлмаган фуқароларга қўшимча хавфсизлик чоралари ва давлат чегараси орқали киришда кучайтирилган назорат режими бекор қилинмагунча у ерга боришдан вақтинча тийилишни тавсия қилди.
Россия мигрантлар учун ҳайдовчиликни таъқиқлади: Новгород области ҳокимияти ишлаш учун патентга эга бўлган хорижликларга такси ва автобус ҳайдовчилари бўлиб ишлаш, шунингдек, алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилишни тақиқлади.
Эсалатиб ўтамиз, Россия Федерациясининг Москва вилоятида 22-март куни дахшатли теракт юз берди. Айни дамда бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.