Новгород вилояти ҳокимияти патентга эга хорижликларга такси ва автобус ҳайдовчиси сифатида ишлаш, спиртли ичимликлар сотишни тақиқлади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланди
Тегишли фармонни Новгород вилояти губернатори Андрей Никитин имзолади. Ҳужжатга кўра, хорижий фуқароларга алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланиш, автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланади.
26 июнгача ишдан бўшатилиши керак
Иш берувчилар ушбу тоифадаги ходимларни 26 июнгача ишдан бўшатишлари керак. Шу билан бирга, тақиқ Россияда яшаш учун рухсатномага эга ёки ҳудудда вақтинчалик рўйхатдан ўтган ишчиларга, шунингдек, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқароларига таъсир қилмайди.
Ҳужжат вилоятда меҳнат бозорини тартибга солиш, миграция ҳолатини барқарорлаштириш, экстремистик ва террористик жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг тавсияларини инобатга олган ҳолда қабул қилинди, — дейилади хабарда.
Илгари мигрантлар саноатнинг айрим тармоқларида ишлашини тақиқлаш Челябинск, Магадан, Калининград, Тула, Новосибирск, Тюмень ва Калуга вилоятларида, шунингдек, Ханти-Манси автоном округи – Угра ва Якутияда жорий қилинган эди.