Россия Марказий Осиёдан келадиган меҳнат муҳожирлари учун махсус солиқ жорий қилмоқчи. Бу таклиф Владимир Путинга “радикал кайфиятдаги маслаҳатчилар” гуруҳи томонидан билдирилган, дейди Кремлдаги Россия ОАВнинг манбаи.
Агар президент бу ғояни маъқулласа, Россиядан Марказий Осиё давлатларига барча пул ўтказмалари учун махсус солиқ жорий этилади. Ушбу солиқ ставкаси ўтказма суммасининг 10 дан 15 фоизигача бўлиши мумкин.
Таклиф муаллифларига кўра (уларнинг манбаси исмини ошкор этишдан бош тортган), бундай чоралар “Россияни бузғунчи унсурлар таъсирига тезда берилиб, осонлик билан террорчига айланган Марказий Осиёдан келган ишончсиз муҳожирлардан тозалашга” олиб келади.
“Ахир, фақат мамлакатимизда “кўпми-озми, муносиб пул топадиган” муҳожирларгина солиқ тўлаши мумкин бўлади. Бошқалар учун Россияда ишлаш ўз маъносини йўқотади. Эслатиб ўтамиз, Путин бу ғояни эътиборга олган, бироқ ҳозирча бу борада қарорлар йўқ. Янги солиқ кейинроқ муҳокама қилинади”, — дея таъкидлаган кремлпараст канал.