АҚШнинг Мэриленд штати Балтимор шаҳридаги Фрэнсис Скотт Ки автомобил кўпригига юк кемаси урилиб, қулатиб юборгани хабар қилинган эди. Бу вақтда кўприк узра автомобиллар ҳаракати тўхтатилган эди.
Кўприкка Сингапур байроғи остида сузаётган 300 метрли «Dali» контейнер ташувчи кемаси келиб урилган. АҚШнинг киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги бўйича федерал агентлиги ошкор қилган маълумотларга кўра, кўприк таянчига келиб урилишидан аввал «Dali» кемаси бошқарувни йўқотган.
Мэриленд штати транспорт вазири матбуот анжуманида икки киши сувдан олиб чиқилгани ва олти киши бедарак йўқолганини айтган. Улар сувга чўкиб кетган бўлиши мумкин, деб ёзади BBC. Сувдан қутқарилган ва бедарак кетганларнинг барчаси тўқнашув юз берган тунда кўприкдаги йўл қопламасини таъмирлаётган ишчилар бўлишган.