Олий таълим вазирлигидан Андижон вилояти ҳокимлигигача: 2 та вазирлик ва 2 ҳокимлик коррупцияга мойил деб топилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат идораларининг коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини баҳолади. Унга кўра, учта вазирлик, тўртта агентлик ва икки ҳокимлик коррупцияга мойил деб топилди. Булар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инвестиция ва савдо вазирлиги, Кинематография агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Маданий мерос агентлиги, Қишлоқ хўжалигига хизматлар кўрсатиш агентлиги, Андижон ва Сурхондарё ҳокимликлари коррупцияга мойил деб топилди.

2023 йил давомида агентликнинг ўрганишича, жорий натижалар 95 та давлат ташкилотининг, жумладан 36 та давлат ташкилоти илк маротаба, қолган 59 таси эса такроран баҳолашдан ўтказилган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 42 та ташкилот фаолияти самарадорлиги «яхши» – (81-100 балл), 38 та ташкилот «қониқарли» – (55-80 балл) ва 15 та ташкилот «қониқарсиз» – (55 баллдан паст) ни кўрсатган.

Қониқарсиз деб топилган ташкилотлар орасида ёшлар билан кўп ишлайдиган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳам бор. Ундан ташқари тарихий бинолар «қотили»га айланган маданий мерос агентлиги ҳам бу сафдан қолиб кетмаган.

Натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг баҳолаш натижалари мустақил ва холис кўриб чиқилди ва хулосалар тақдим қилинди.

Таҳлил натижалари давлат ташкилотлари фаолиятидаги коррупсияга қарши курашиш йўналишида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Коррупцияга қарши курашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмаганлиги, жумладан фаолиятида коррупциявий хавф-хатарлар аниқланмаганлиги, ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ва харидлар жараёнида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва аниқлаш билан боғлиқ чоралар амалга оширилмаганлиги, коррупция ҳақида хабар бериш бўйича алоқа каналларининг йўлга қўйилмаганлиги, ушбу йўналишдаги ҳужжатлар ижро этилмаганлиги, коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаганлиги ташкилотлар фаолияти қониқарсиз баҳоланишига сабаб бўлди.

Баҳолаш якунлари бўйича «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади. «Қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади.

«Қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижроси таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилади.