Бугунги кунда юртимиз аҳолиси йилига қарийб бир миллион нуфус билан ўсиб бормоқда. Бу аҳоли сонида ёшларнинг улуши кўплигидан далолат беради. Статистик маълумотларига қараганда, 2023-2024 ўқув йилида 800 мингга яқин ўқувчи 1-синфга қабул қилинган. Бу рақамлар албатта катта кўрсаткич. Улар бизнинг келажакда катта халқ ва буюк миллат сифатида шаклланишимиз учун етарли демографик ресурсга эга эканимиздан далолат беради.
Шу нуқтада ўринли бир савол туғилади. Хўш, эртанги кун эгалари бўлган ана шу болаларнинг тафаккури тўғри шаклланиши, илмий, маънавий-маърифий жиҳатдан озиқланиб, тадрижий ўсиб бориши учун зарур бўлган таълим-тарбия платформаси яратилганми? Болаларнинг ўқиши, фойдаланиши учун етарли маънавий базамиз мавжудми?
Ёшлар тафаккурини камол топтиришда болалар учун яратилган таълимий маҳсулотлар муҳим ўрин тутади. Улар болаларнинг интеллектуал ва ҳиссий ривожланишида билим олишга бўлган муҳаббатни тарбиялашдан то қимматли ҳаётий сабоқлар бериш ва ижодкорликни уйғотишгача кўникмалар пайдо қилишга катта таъсир кўрсатади. Аммо болаларга мўлжалланган китоблар, даврий нашрлар, аудиовизуал маҳсулотлар йилдан-йилга том маънода қашшоқлашиб бораётгандай таассурот қолдиради. Бу жараён бир қатор тизимли муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳам ҳеч кимга сезилмай қолмаяпти.
Ижтимоий қармоқ хатари
Онг ҳеч қачон бутунлай бўш бўлмайди. Агар биз уни ўз умуммиллий ғояларимиз билан тўлдирмасак, ғайримафкуравий қарашларни сингдирувчилар албатта топилади. Болаларга мактаб дарсликларининг фақат ўзинигина бериб қўйиш етарли эмаслигини ҳамма билади. Ҳар томонлама билимли, заковатли фарзандлар тарбияламоқчи бўлган миллат биринчи ўринда болалар ўқийдиган, кўрадиган адабиёт ва медиани бойитиши керак. Дунёнинг интеллектуал етакчи давлатлари бу фикримизга яққол мисол бўла олади.
Бу соҳада оқсоқлашимизнинг салбий натижаларидан бири ижтимоий тармоқларга ва гаджетларга муккасидан кетаётган ёш авлод ўсиб шаклланаётганидир. Бунда тўлақонли уларни айблашимиз ҳам мутлақо тўғри бўлмайди. Агар боланинг қўлидан гаджет олиб қўйгач, ўрнига тутадиган нимамиз борлигини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Агар бизда шундай муқобил танлов бўлганида, аллақачон уни фарзандларимизга тақдим этган бўлардик. Болаларини интернетнинг салбий оқибатларидан сақламоқчи бўлган ота-оналар уларни хоҳлаб-хоҳламай чет эл адабиёти, даврий нашрлари ва медиа контентларини ўрганишини қўллаб-қувватламоқда. Ваҳоланки, бу билан боланинг миллийлик, андиша, менталитетга хос ғурур ва шу каби ўзлигимизни намоён этувчи хислатлардан йироқлаштириб қўймаймизми? Улар улғайгач, миллатни, тилни сотишда, ватанфурушлик ва ҳеч бўлмаганда бошқа миллат қарашларига кўр-кўрона эргашиш ёки қарамлигида айбланади. Уларни айблаш қанчалик тўғри?
Меҳнат бозорига қора ишчилар
Интеллектуал ривожланган мамлакатларда асосий билим ва кўникмани 17 ёшгача олиш кераклиги ўргатилади. Юртимизда эса, на таълим тизимини самарали деб бўлади, на мустақил ўрганиш учун адабиётларни. 17 ёшга кирган ўсмирга мактабни битириши билан кучли босимда ҳаёт бошланади. Мактаб дарслигидан бошқа китобларни деярли кўрмаган боланинг интеллекти ҳам шунга яраша бўлади. Оилавий шароитга қараб бола қўшимча пул тўлаб, Ўзбекистонда йирик сунъий ҳосил бўлган таълим тизими ва бизнесга айланган репититор орқали ўқишга киради ёки ишсизлик ва юқоридаги қатор муаммоларнинг сабабидан келиб чиқаётган йирик миграция оқимига тушиб қолади.
Ёшлигидан деярли бир қарашлари ҳам бўлмаган болалар улғайгач, уюшмаган ёшлар ва тарқоқ миллатни ташкил қилади. Бундай ғоя ва мафкурани «Ватан туйғуси» ёки «Миллий истиқлол ғояси» дарсликлари билангина синдириб бўлмайди.
Қулаётган болалар адабиёти
«Мабодо ҳали-ҳамон «бабй шарк» ва «синий трактор» мусиқасининг ўрнини боса оладиган бирор миллий ижод маҳсули яратилмас экан, барчаси қуруқ гап холос», – дейди бу борада мулоҳаза билдирган Ҳусниддин Ато.
Маданият соҳаси мутахассисининг бу фикрлари аччиқ бўлса-да ҳақиқат. Болалар томоша қилиши учун «Шум бола» ва «Сариқ девни миниб»дан бошқа деярли пичоққа илинадиган кинолар йўқ. Худди, «Сусанбил» ва «Зумрад ва Қиммат» ва бармоқ билан санарли эртак ва мультфильмдан бошқа медиа маҳсулот бўлмагани каби. Шу сабабли болалар телеканалларининг асосини чет эл фильм ва мультфильмлари ташкил этади. Онда-сонда болалар медиасида тайёрланаётганларининг қўл учида қилинаётгани сезилиб туради, чунки савия «қулоғини ушлаб кетган».
Болалар адабиётининг ҳолати шундай аҳволдаки, у мисли поезду Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон, Эркин Воҳидовдан сўнг тўхтаб қолган. Бу фикримизнинг тасдиғи ўлароқ яқин йилларда бу соҳада йирикроқ асар босиб чиқарилмагани, кўзга кўринарли адиб йўқлигини айта оламиз. Шу ўринда савол туғилади, Маданият вазирлиги ёки мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидаги миллиардлаб пуллар ҳавога совуриляпти экан-да, болалар учун йирик кўламда ислоҳот қилинмаса.
Болалар нашрларининг молиявий аҳволи
Болалар нашрларининг бир нечтаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муассислигида яшаб қолган. Аммо уларни яшаяпти дейиш ҳам қийин. Шу нуқтада ўйланиб қоласан киши – болалар нашрларига мажбурий обуна сақланиб қолгани яхшимиди? Фақат молиялаштириш ойлик ҳисобларидан эмас, давлат томонидан таъминланса, манфаатли бўларди. Аввал иқтисод, кейин сиёсат деганларидек, мутахассислар яхши материаллар тайёрлай олиши учун албатта молиявий рағбат керак. Ўрганишларимиз натижасидаги ойлик маош ўзи деярли йўқ бўлган болалар нашрлари бўйича мутахассисларнинг кундан-кунга янада камаяётгани сабабини кўрсатади. Биз болалар адабиёти бўйича ёзувчиларни йўқотганимиз каби болалар журналистикаси мутахассисларини ҳам яқин йилларда йўқотсак, ажаб эмас.
Бу мавзу қачон кўтарилмасин, турли хил баҳоналар санай бошланади.
1. «Одамлар қизиқмайди, сотиб олмайди, талаб йўқ».
Биз маркетинг ривожланган даврда яшаймиз. Бугунги куннинг маркетологлари қизиқтира олишини жуда яхши билашади. Бунинг исботи сифатида бозорни эгаллаб олган психологик, мотивацион ва бизнесга оид қуруқ, ҳавойи гаплардан ташкил топган китобларни айта оламиз. Уларнинг рекламасию тарғиботи шу қадар бўлганидан нафақат болалар, ўзбек адабиёти ўрнини бўшатиб бердик.
2. «Болалар ўқимайди, фильмларни кўрмайди».
Болалар ҳали онги шаклланаётган пайтда уларни қўлидан гаджетни олиб, тутилган ҳар қандай нарсага ўргатса бўлади. Болалар ўқишига «Ҳаррй Потер» яққол мисолдир. Улар катта асарларни тушунишга қийналишади. Ўз тилларидаги асарлар йўқ бўлгач, узилишдаги йиллар китобхонлик кўникмаси ва иродасини йўқотади. Ундан ташқари, улар сифатли медиа контентларни фарқига боришади, улар орасидаги қайси фильм ва мультфильмлар оммалашишидан буни билиш қийин эмас.
Аслида, қўлида етарли кучи ва савияси борлар учун баҳоналар керакмас. Фақат бир нарсани эртароқ тушунишимиз керак. Болаларга бераётган ҳар бир детални йўқотсак, нафақат миллат ўзлигини шу билан бирга заковатли ёшларни йўқотамиз. Бу эса, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун қилинаётган улуғ мақсадларимизга зиддир. Аввало, мутасаддилар, соҳа мутахассислари, олим ва педогоглар, зиёлилар ва бутун халқимиз бу муаммонинг ижобий ҳал этилишига ўз ҳиссасини қўшиши бугунги куннинг кечиктириб бўлмас тақозосидир.
Фазилат СОИБ