Электромобил ва янги машина эгаларига яшил стикер почта орқали юборилади. Экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситалари «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик тоифаларга ажратиб борилади.
Электромобил ва янги машина эгаларига яшил стикер почта орқали юборилади. «Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Қарор билан 1 июндан бошлаб барча тоифалардаги транспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосферага зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича «Экологик транспорт» тизими босқичма босқич жорий этилади.
Шунингдек, эндиликда экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситалари «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик тоифаларга ажратиб борилади. Тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловлари жорий этилиши ёки улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш-тақиқлаш мумкин.
«Экологик транспорт» тизими қуйидаги босқичларда жорий этилади:
- биринчи босқичда (2024-2026 йилларда) — Тошкент шаҳрида;
- иккинчи босқичда (2026-2028 йилларда) — Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ва дам олиш маскани ва бошқалар);
- учинчи босқичда (2028-2030 йилларда) — бошқа барча ҳудудларда.
Дастлабки босқичда электромобил ва электромотоцикллар ҳамда ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган бошқа турдаги транспорт воситаларига уларнинг эгалари томонидан онлайн ахборот тизимлари орқали юборилган мурожаатлар асосида реал вақт режимида “яшил” экологик тоифасига мансуб экологик стикерлар мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан диагностик текширувисиз берилади ва почта орқали юборилади.
Барча автотранспорт воситалари қуйидаги муддатларда экологик диагностикадан ўтказилиб, тегишли стикерлар берилади:
- 2027 йил 1 январга қадар — Тошкент шаҳрида;
2029 йил 1 январга қадар — Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда алохида экологик зоналарда;
2031 йил 1 январга қадар — бошқа барча ҳудудларда.
Экологик стикерлар учун ҳеч қанақа тўлов қилиш керак эмас, улар бепул берилади. Шунингдек, шошилинч ва тезкор хизмат транспорт воситаларидан ҳамда жамоат транспортидан (такси ва йўналишли таксидан ташқари) барча экологик зоналар ҳудудида ҳеч қандай чеклов ва тақиқларсиз фойдаланилади.
Қарорга кўра, экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган машиналардан мазкур зоналар ҳудудида фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланади. Ундирилган жарима маблағлари мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилашга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мақсадли йўналтирилади.
Ҳудудлардаги экологик зоналар чегараларини белгилаш ҳамда уларни ўзгартириш тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Экология вазирлиги таклифига асосан амалга оширилади.
Ўз навбатида, аҳолига «зарарли» тоифадаги транспорт воситаларини «тоза» тоифадаги транспорт воситаларига алмаштириш учун субсидия бериш тизими жорий этилади.