Ўзбекистонда апрель ойида кутилаётган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

2024 йил апрель ойи қуруқ ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» маълум қилди.

Биринчи беш кунликда ҳаво 15-20 даража илиққача исийди, кечалари ҳарорат 5-10 даража илиқ атрофида бўлади.

Ушбу даврда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Текислик ҳудудларда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 2—3 апрель кунлари баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин.

Апрель ойи биринчи ўн кунлигининг иккинчи ярмида ҳарорат асосан кечалари 8-13 даража илиқ, кундуз кунлари 18-23 даража илиқ бўлади.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кечалари 2-7 даража илиқдан 10-15 даража илиққача, кундуз кунлари 13-18 даража илиқдан 25-30 даража илиққача ўзгариб туради.

Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлади.