Уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларни масофавий назорат қилиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларни масофавий назорат қилиш амалиётини республиканинг барча ҳудудларида тўлиқ жорий этиш;
- жамоат хавфсизлиги хизмати ходимлари, таянч илмий ташкилот, уй қамоғи эҳтиёт чорасини ёки озодликни чеклаш жазосини ижро этиш жойи, электрон браслет, ягона электрон мониторинг маркази тушунчаларининг таърифи;
- шахсларга электрон браслетни тақиш тартиби;
- электрон браслетни қўллашда ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- электрон браслетни қўллашда уй қамоғи ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- электрон браслетга шикаст етказилганда ёки йўқотилганда моддий зарарни ундириш тартиби;
- электрон браслетни қўллаш харажатларини молиялаштириш тартиби.
Мазкур лойиҳанинг дастлабки таҳрири бўйича Олий суднинг таклифлари (2024 йил 29 январдаги хатида 4 та таклиф билдирилган), иккинчи таҳрири бўйича Олий суд (2024 йил 14 февралдаги хатида 2 та таклиф билдирилган), Бош прокуратура (2024 йил 18 февралдаги хатида 4 та таклиф билдирилган) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (2024 йил 16 мартдаги хатида 1 та таклиф билдирилган) нинг таклифлари ўрганилган ҳамда уларнинг барчаси инобатга олиниб, лойиҳа такомиллаштирилган.
Қайд этилишича, ИИВ Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар марказида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси асосида амалий илмий-тадқиқот лойиҳаси бажарилган, лойиҳа натижасида электрон браслет яратилиб, унинг дастурий таъминоти ишлаб чиқилган.
Республиканинг 14 та ҳудудида (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ички ишлар органлари жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, пробация хизматларида) синовдан ўтказилиб, амалиётга жорий этишга тайёр ҳолатга келтирилган.
Лойиҳага кўра, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларга нисбатан электрон браслетни қўллаш (электрон браслетни харид қилиш) харажатлари ҳудудий ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан, озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларга нисбатан Пробация хизматини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.