Педофилияга кимёвий кастрация қўлланиладими? Гендер тенглиги ва зўравонлик бўйича ўрнимиз қандай?

Агар аёллар иқтисодий ҳаётда эркаклар билан тенг иштирок эта олса, Ўзбекистон ялпи миллий даромади (ЙМД) тахминан 29 фоизга ошиши ва 700 мингдан ортиқ одам камбағалликдан чиқиши мумкин. Бу Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги гендер ҳолати бўйича ҳисоботи асосий хулоса ва тавсияларида айтиб ўтилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари ва гендер масалалари тарғиботи ва ислоҳотларида ижобий натижалар кўзга ташланаётгани рост. Очиғи, бунга қайсидир маънода йиллар давомида аёлларга бўлган зўравонликлар ва сўнгги вақтларда кўзга ташланаётган яна бир жирканчли иллат – педофилия туртки бўлди, десак муболаға эмас. Бу соҳада хориж тажрибаларини ўрганиш ва ўз муқобилимизни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этишимиз керак. Шу сабабли Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда бир қатор маъсул ташкилотлар ва хусусий сектор вакиллари билан биргаликда «Тараққиёт стратегияси» маркази модераторлигида «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатни баҳолаш» мавзусида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда гендер тенгсизлиги турли соҳаларда, жумладан, меҳнат бозорига кириш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурлар ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида намоён бўлмоқда. Ушбу муаммоларга ечим топиш давлат ва жамият иштирокида комплекс ва мувофиқлаштирилган ёндашувни, жумладан, қонунчиликни янада такомиллаштириш, тегишли давлат ва жамоат институтларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

«Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатини баҳолаш» ҳисоботида гендер тенглигининг асосий йўналишлари, жумладан, аёлларнинг иқтисодий фаолият, таълим тизими ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилган. Шунингдек, унда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажрашиш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки билан боғлиқ вазиятлар ўрганилди.

Жаҳон банки экспертлари мамлакатда гендер тенглигига эришиш учун муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этишди. Бироқ, тегишли чора-тадбирларнинг самарали ижроси ҳозирча етарлича таъминланмаган.

Олий Мажлис Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Марказий Осиёда нафақат гендер тенглиги бўйича, зўравонликларнинг камлиги бўйича ҳам яхши ўринларда эканлигимизни таъкидлади.

Педофилия бўйича электрон реестр юритилаётгани ва кимёвий кастрация жазо тури ҳақида ҳозирги жорий қилинган мамлакатлар тажрибаси ўрганилган ва бу инсон ҳуқуқларига ва бошқа бир қатор ҳуқуқларга зид эканлиги сабабли қонун лойиҳасига киритилмаганини айтиб ўтди.