Тармоқда Солихон домла номи билан танилган Солихон Маҳкамович Ортиқхўжаев 15 суткага қамалди.
Суд ҳукмида, Солихон Ортиқхўжаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган, деб топилган.
Ҳукм тафсилотларига кўра, Солихон Ортиқҳўжаев, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, 2024 йил 30 март куни Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари ва ДХХ ходимлари томонидан жиноятда гумон қилиниб, қидирувда бўлган фуқаро бўйича қидирув ишлари олиб бориш давомида, тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорга асосан унинг яшаш уйига борганларида, ходимларга нисбатан носамимий муносабатда бўлиб, бақир чақир қилган.
У баланд овозда “террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман” деб шовқин қилиб, шу ердан ўтиб кетаётган фуқораларнинг тинчилигини бузганлигини ҳамда ИИО ходимлари томонидан ўзига тегишли бўлган телефон апаратини тақдим қилиш сўралганида, уларга телефон апаратини тақдим этмасдан, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги аниқланган.
Суд мажлисида С.Ортиқхўжаев, ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам, 2024 йил 30 март куни ўз яшаш хонадонига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар келганлигини, тинтув бўйича хужжатлари борлигини айтиб уйига киришганлигини, ИИО ходимлари унинг қўл телефонини сўрашганларида уларга, қаршилик кўрсатиб, телефон аппарати йўқлигини айтиб, телефон аппаратини тақдим этмаганлигини, лекин бақир-чақир қилмаганлигини айтиб суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган, дейилади суд ҳужжатида.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддаси тартибида Солихон Ортиқхўжаевга узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган
Жазони ўташ муддати 2024 йил 30 март куни соат 15:30дан бошлаб ҳисобланади.