Тошкент шаҳри аҳолиси орасида фирибгарликнинг янги туридан жабрланаётганлар кўпайгани аниқланди ва пойтахт ИИББ фуқароларни бундан огоҳлантирди. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исохонова брифингда сўз очди.
Фириб қуроли — ЙТҲ
Унинг айтишича, фирибгарликнинг бу усулида жабрланувчининг яшаш манзилидаги уй телефонига номаълум шахс қўнғироқ қилиб, бақириб йиғлаган овозда “Она мен ЙТҲга учрадим, “авария” менинг айбим билан содир бўлди. Жабрланувчи оғир аҳволда, уни зудлик билан операция қилиш керак. Мени қамаб қўйишмоқчи”, деб ваҳима билан гапиради. Сўнгра гўшакни бошқа номаълум шахс олиб, гўёки ўзини “терговчи” деб таништиради ва яқин қариндоши яъни фарзанди ёки набираси ЙТҲ сабабчиси бўлганини, ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва қамоққа олиш чоралари кўрилаётганини айтиб қўрқитади.
Буни эшитган жабрланувчи саросимага тушади ва жиноят ишини қўзғатмаслик ва ҳаммасини осон йўл билан ҳал қилиш таклифини беради, яъни фирибгарлар “ЙТҲга учраган жабрланувчи” билан келишиш учун пул бериш кераклигини айтиб, жабрланувчини чув туширади.
Ўзидан сохта терговчи ясаб олганлар
Телефонда гаплашиб турган шахс фуқародан гўшакни қўймасликни талаб қилади. Ўзидан сохта терговчи ясаб олган фирибгар жабрланувчининг уяли телефон рақамини ўзидан сўраб, билиб олади ва бошқа бир номаълум рақамдан унга қўнғироқ қилади. “Терговчи” жабрланувчи билан гаплашганда, пулни олиб кетиш учун бир одамни юборишини айтади ва жабрланувчидан уй манзилини аниқ сўраб билиб олади.
Фирибгарлар курьер фуқаронинг уйига етиб боргунча вақтни чўзади. Улар жабрланувчидан телефон орқали гўёки ЙТҲ оқибатида жабр кўрган шахсга етказилган зарарни ундириш, уни операция қилиш учун барча масъулиятни ўз зиммасига олгани ҳақидаги аризани ёздириб олади. Шундан сўнг жабрланувчига фарзандининг кийими қон бўлиб кетгани сабабли бирорта янги кийим, сочиқ ва чойшабни тайёрлаши кераклигини, буларнинг барчасини сумкага солиб, энг пастки қисмига пулни ўраб қўйишни тайинлайди.
Тиббиёт ходими ҳам қўшилди
Сўнгра фуқарога яна бир номаълум шахс телефон қилиб, ўзини тиббиёт ходими сифатида таништиради ва ЙТҲга учраган “жабрланувчи” оғир аҳволда эканини билдириб, уни зудлик билан операция қилиш учун катта миқдорда пул кераклигини айтади. Жабрланувчи пулларни тайёрлагунча ва курьер келиб олиб кетгунича, барча хонадондаги телефон рақамларни фирибгарлар банд қилиб қўяди. Фирибгарлар пулларни олгач, уларнинг барчаси чет элдаги банк ҳисоб рақамларига ўтказиб юборилади.
Фирибгарларнинг тузоғига кўпроқ кекса ёшдаги отахон ва онахонлар тушмоқда
Нилуфар Исохонованинг айтишича, бу фирибгарларнинг тузоғига кўпроқ кекса ёшдаги отахон ва онахонлар тушмоқда. Курьер сифатида эса кўпроқ ишсиз ёшлардан фойдаланилмоқда. Бундай фирибгарлик ҳолатлари қўшни Қозоғистон ҳамда Россия Федерациясида ҳам кузатилган. ИИББ пойтахт аҳолисини янада ҳушёр бўлишга чақирган.
Юқоридаги ҳолат бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳ аъзоларининг бир нечтаси қўлга олинган. Уларнинг орасида Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бор.