Бош прокуратура Қашқадарёда отиб ўлдирилган собиқ спортчи иши бўйича муносабат билдирди. Таъкидланишича, тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида маст эркак ҳисобни тўламаган танишини отиб ўлдирганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Келтирилишича, Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан Тўра Авлоқуловнинг ҳаётига суиқасд қилинганлиги ҳолати билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, гумонланувчи шахс ўзаро жанжал давомида темир қувурдан қўлбола усулда ясалган қурол билан Т.Авлақуловнинг бош қисмига қаратган ҳолда бир марта ўқ узган. Жиноят иши доирасида гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан жабрланувчи Т.Авлоқулов 31 март куни вафот этган. Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Маълумот учун, марҳум Тўра Авлоқулов фаҳрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатда биринчи ўринни эгаллаган.