Мана бир неча кундирки Тошкент шаҳрининг cобиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “тренд”га чиқарилмоқда. Блогер билан суҳбатда собиқ ҳоким “Tashkent City”даги уйида яшаши, шогирдлари томонидан совға қилинган “Maybach” автомобили, заводлари, қимматбаҳо машиналари, қисқа қилиб айтганда тилларда достон бўлаётган ҳашаматли ҳаётини кўрсатган.
Кўрсатув каналга жойлангач, ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бу ҳашаматли ҳаёт “тангаси”нинг иккинчи томони кўриниб қолди.
“Tashkent City”нинг қурилишида қатнашган “USMAN STROY” МЧЖ ва бошқа бир қатор компаниялар раҳбари Усмон Абдусаматов Ортиқхўжаевдан қарзини сўраб, видеомурожаат билан чиқди. “Сан чиқиб келган кўп қаватли уйни ман қурганман. Айнан шу кўп қаватли уйдан 143 млн қарзинг бор, компаниянгни қарзи бор. Қарзингларни тўлаб беринглар! .. “Hilton” билан “Congress Hall”ни мен қурганман, 1,5 млрд пулим қолиб кетди. Чиқиб мақтанишдан олдин қарзларингни узинглар…” дейилади тадбиркор ўз мурожаатида.
Қурувчи тадбиркорнинг айтишича, суд томонидан огоҳлантиришсиз унинг қурилиш компанияси қарздор қилиб чиқарилган.
“Тўғри, сани у пайт амалинг бор эди, ҳоким эдинг. Манимча, судя жаноблари сани номингдан қўрқиб бу ишни қилган”, дейилади YouTube саҳифасига жойланган видеомурожаатда.
Аммо кўп ўтмай “Discover Invest” МЧЖ фуқаро Усмонжон Абдусаматов жойлаштирган видеомурожаатга расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, Усмонжон Абдусаматовга тегишли корхоналарга “Discover Invest” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари учун шартномадаги суммадан 28,9 млн сўм ортиқча тўлаб берилган. Қурувчи тадбиркор Усмонжон Абдусаматов мурожаатини тухмат ва товламачилик, деб иддао қилган.
Ogoh.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.
