Қайд этилишича, уй-жой бозори динамикаси, талаб ва таклиф, уй-жойни сотиб олиш ва ижарага олиш нархлари, давлат томонидан уй-жой бозори иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек, аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг долзарб масалалари, ер участкалари ва қурилиш материалларининг нархлари каби омиллар таҳлилини ўз ичига олади.
Асосий хулосалар: 2020-2023 йилларда бирламчи ва иккиламчи бозордаги уйларнинг ўртача нархлари 70-80 % га ошган ва бу мазкур даврда истеъмол нархлари ўзгаришидан мос равишда 1,4 ва 1,6 баробарга юқори ҳисобланади.
Ипотека кредитлари, айниқса давлат дастурлари доирасида паст даромадли оилалар ва биринчи марта уй сотиб олувчилар учун мўлжалланган имтиёзли ипотека кредитлари уй-жойга бўлган талабни сезиларли даражада ошишига олиб келган.
Маълумот учун: 2017 йилда аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 2,6 трлн. сўмни ташкил этиб, номинал ЯИМга нисбатан 0,8 % бўлган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 16,9 трлн. сўм ва 1,6 %га етди. Бу эса 2023 йилда аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 2017 йилга нисбатан 6,4 баробарга кўпайганлигини кўрсатади.
Уй-жой сотиб олишни молиялаштиришда тижорат банкларининг роли ва аҳамияти ошиб бормоқда
Маълумот учун: 2021 йилда ипотека кредитларини молиялаштиришда банкларнинг ўз маблағларининг улуши 8,9 % бўлган бўлса, 2022 йилда 26,3 % ва 2023 йилда 33,9 % га етди. Бу эса банк секторининг кўчмас мулк бозорида иштироки тобора ошиб бораётганлигини кўрсатади.
2023 йилда Тошкент шаҳридан ташқари республиканинг барча ҳудудларида бирламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредити олган аҳолининг энг камида 40 % дан ортиқ қисми дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплашда субсидиялардан фойдаланган.
Уй-жой қурилиши учун ер участкаларининг нархлари йилдан йилга сезиларли даражада ўсиб бормоқда
Маълумот учун: Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланмагунча 2023 йилдан янги қурилишларга мораторий эълон қилиниши натижасида қурилиш учун ер участкалари сотилиши тўхтатилди. Мораторий эълон қилинишидан олдин ауксион савдоларига чиқарилган ва 2023 йилда сотилган (3 лот) ерларнинг 1 кв.м. учун нархлар 6,3 млн. сўмдан 11,4 млн. сўмгача бўлган қийматларни ташкил этди.
Уй-жой қурилиши нархига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири бўлган сементнинг нархи пасаймоқда ва мамлакатдаги сементга бўлган эҳтиёжнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қопланиш даражаси ортиб бормоқда. Шу билан бир қаторда арматура нархи ҳам пасаймоқда.
Тошкент шаҳрининг Яшнобод ва Сирғали туманларида ерусти метросининг қуриб, фойдаланишга топширилиши уй-жойларнинг илгари пойтахтнинг бошқа туманларига нисбатан арзонроқ бўлиб келган ушбу ҳудудларида турар жойларнинг жозибадорлиги ва қийматининг ошишига ҳисса қўшган. Хусусан, 2022 йилда уй-жойларнинг 1 кв.м. учун ўртача нарх Сирғали туманида $775, Яшнобод туманида $875 бўлган бўлса, 2023 йилда нархлар мос равишда $979 ни (26,3 %) ва $1087 гача (24,2 %) кўтарилган. Яшнобод туманидаги янги уй-жой нархлари ўртасидаги тафовут (стандарт оғиш) 2022 йилда 273, 2023 йилда 446, Сирғали туманида эса мос равишда 148 ва 221 ни ташкил қилди.