Республика Маънавият ва маърифат маркази, Кинематография агентлиги ҳамда «Маърифат тарғиботчилари» жамияти ҳамкорлигида «Бир бўлсак — ягона ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» шиори остида «Кинокарвон» Республика бўйлаб йўлга чиқди.
Карвоннинг илк манзили Сирдарё вилояти бўлди. Вилоятга пойтахтдан 10 га яқин киноижодкорлар, ёзувчи ва зиёлилар ташриф буюрди. Тадбирлар Гулистон шаҳар Ёшлар марказидан бошланди. Унда халқ севган ижодкор Баҳодир Нишонов сўзга чиқди.
«Баъзида мендан нега ижодни танлаганимни сўрашади. Бу болалик хотираларимга боғланади. 1950 йилларда эндигина телевидение чиққан даврларда соат 7 да бутун маҳалладагилар бизни ҳовлида йиғилишарди. Аввал «Ахборот» бериларди. Ундан кейин эса ҳинд кинолари бошланарди. Уларни ҳамма йиғлаб кўрарди. Шу сабаб кинога меҳр уйғонган. Ахир бу касб эгалари ўз қаҳрамонлари орқали инсонларни ҳам кулдира олади, ҳам йиғлата олади. Шунингдек, бор йўғи бир ёки бир ярим соатлик шундай кино орқали инсонларнинг маълум мавзудаги фикрларини бутунлай бошқа томонга ўзгартириш мумкин. Фильмларнинг, ижодкорларнинг шундай маҳорати бор.
Аммо кинода ижод у қилиш у қадар осон эмас. Ҳамма касбда бўлгани каби биз ҳам турли машаққатлардан ўтганмиз. Масалан, мен учун ҳаётда яшаб ўтган шахсни гавдалантириш қийинроқдек туюлади. Ахир унинг ўзини характери, оҳанги ва мимикалари бўлади. Уни тўлалигича ўхшата олиш учун истеъдод талаб қилинади», дейди актёр.