«Димиққан» Юнусобод деҳқон бозори олти қаватли қилиниши мумкин

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Юнусобод деҳқон бозори ва Аҳмад Дониш бозорини олти қаватли қилиш режалаштирилган.

Президентининг айтишича, хорижий инвесторлар Юнусобод деҳқон бозорига 40 миллион доллар сармоя киритиш ва уни ер остида икки қават, ер устида олти қаватли бозорга айлантиришни таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, бозор бир қаватли бўлгани учун «димиқиб кетган».

«Масалан, 4,8 гектарлик Юнусобод деҳқон бозори бир қаватли бўлгани учун димиқиб кетган. „Алоқабанк“ бошқаруви раиси Ирисбекова [бозорни] ер остига икки қават, ер устига олти қават қилиб қуришга хорижлик инвесторлар 40 миллион доллар сармоя киритиб ва 2500 иш ўрни яратиш таклифини берган», — деди президент.

Бунинг натижасида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 850 миллиард сўмдан 2,5 триллион сўмга, экспорт ҳажмини 24 миллион доллардан 80 миллион долларга, бюджет даромадларини 100 миллиард сўмдан 300 миллиард сўмга, иш ўринларини 1,5 мингдан 4,5 минг нафарга ошириш мумкин.