Кеча Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги қурилиш ҳақида тўхталиб, Тошкентнинг энг қиммат ва элитний ҳудудларидан бири бўлмиш Юнусободда тадбиркорлар учун ер ажратиш хусусида бир қатор таклифларни билдирди.
Амир Темур шоҳ кўчаси сўнгги етти йилда тадбиркорлар учун энг жозибадор кўчага, ҳудудни ўсиш нуқтасига айланди. Лекин кўчани 6 километр қисмида эскирган қиёфадаги 3-4 қаватли 8 та давлат идоралари жойлашган. Бу биноларни ерости автотураргоҳи бор кўп қаватли савдо, хизмат ва овқатланиш объектлари, офис ва меҳмонхона шаклида қайта қуриш шарти билан лойиҳалар амалга оширилса, тадбиркорлар ва иш ўринлари сонини кўпайтириш мумкинлиги айтилди.
Кўриниб турибди, катта эҳтимол билан Тошкентда яна кенг кўламдаги «буз-буз»лар бошланади. Балки давлат идораларининг ўрни аллақачон эгали ҳам бўлишга улгургандир. Мана шулар ҳақида журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг телеграм каналида мақола эълон қилибди. Ушбу мақолани эътиборингизга ҳақола этишни лозим топдик.
Бу шаҳарга супер бош режа керак
2021 йил охирида “Маънавият шаҳарчаси” ҳозирги Миллий боғ ҳудудида қурилиши айтилганди (шу мақсадда Олий Мажлис олдидаги кўл қуритилган, Наврўз тўйхонаси бузиб ташланганди). Кеча бўлса “Маънавият шаҳарчаси” лойиҳаси, бир мунча бойитилган ҳолда, Янги Тошкентга кўчирилгани эълон қилинди. Шунингдек, Юнусободни шаҳар маркази билан боғловчи асосий йўл ҳисобланган (ва шунинг учун ҳам эрталаб ҳам, кечки вақт ҳам тирбанд бўладиган) Амир Темур кўчасида кенг кўламли бузилиш ва қурилиш ишлари олиб борилиши ҳам кеча маълум бўлди.
Бундан етти ярим йил аввал, 2016 йилнинг тўртинчи чорагида Тошкент мудраб ётган, ланж бир шаҳар эди. Уни уйғотиш, жонлантириш, югуртириб юбориш учун Сергелида бирдан 500 та “дом” қуришга киришиш, совет даврида лойиҳалаштирилиб, ҳатто қурилиши бошланиб, сўнг тўхтаб қолган метро йўналишлари қурилишига рестарт бериш, уч ой аввал демонтаж қилинган трамвай излари бўйлаб ер усти метросини қуриш, шаҳар марказида ҳеч йўғи битта Сити кўтаришга, эҳтимол, зарурат бор эди. Дарҳақиқат, шаҳар жонланди.
Лекин шу ишлар бошланганидан бери айтиб келинадиган, сўраладиган бир нарса бор – бу шаҳарга бош режа керак. Тошкент аҳли Чилонзор-Оқтепадаги икки қаватли “дом”лар “снос”га тушгани ва ҳудуд хитойликларга берилганини қайсидир селектордан, Амир Темур кўчаси яқин бир неча йил давомида катта қурилиш майдонига айланишини қайсидир йиғилишдан, паркни қурилиш майдончасига айлантириш ҳисобига лойиҳа қилинган маънавият ва маърифат марказлари энди бутунлай бошқа жойларда қурилиши ҳақида қандайдир тадбирдан кейин хабар топиши керак эмас.
Шаҳарнинг аниқ-тиниқ, ҳеч йўғи беш йиллик, ҳар беш йилда янгиланиб турадиган режаси бўлиши керак. Режа фақат “маънавият маркази” Миллий боғ ўрнида бўладими ё Янги Тошкентда – фақат шуни билиш учунгина зарур эмас. Янги Тошкентни қўя турайлик, Амир Темур Ситига айланажак Амир Темур кўчасини олайлик – ҳозирги тўрт-беш қаватли бинолар ўрнига кўз учун чиройли, камида 24-25 қаватли иморатлар тушса, уларнинг аллақанчаси турар жой бўлса – шунда шаҳарга қўшимча яна қанча электр, сув, канализация қуввати керак? Бунга режа керак. Режа, шунингдек, қуритилган кўл ва бузилган тўйхона ўрнида энди нима бўлишини билиш учун ҳам керак, масалан.
Тошкент беш йилдан кейин юзлаб осмонўпар биноси бор, лекин уларни қишда иситиш, ёзда салқинлатиш учун энергияси йўқ, бу чиройли биноларининг энг юқори қаватидан мазут ёқишдан пайдо бўлган смог булутинигина томоша қилиш мумкин жаҳоннинг энг ифлос шаҳарига айланиб қолмаслиги учун ҳам унга қонун даражасидаги супер бош режа керак. Токи, бош режани бузганлар қонунбузар ҳисоблансин ва бетўхтов жазога тортилсин.
PS. Ҳа, бу хомхаёлдек. Лекин айтиб қўйилиши керак бўлган хомхаёл, менимча. Чиқмаган жондан умид.