Бу ерни “Чувалачи” эканини унутмаслик керак (фото)

Тошкент қадимий қиёфаси билан солиштирганда бутунлай ўзгариб кетган. Шаҳардан эски архитектурани, “носталгиа” берувчи муҳитни топиш йилдан-йилга қийинлашиб кетяпти. Бутун дунё эски биноларини, қадимий дизайнни сақлаб қолишга ҳаракат қилса, биз уларни бузиб, ўрнига оқ-кўк ва осмонўпар бинолар қуряпмиз. Баъзан эски хотираларни эслаш ёки оддийликни ҳис қилишни хоҳлайдиган юракка буйруқ бериб бўлармиди?

“Шум бола” каби кинофильмлардаги маҳаллаларни, эски кўчаларни, оддий одамларни, кўргинг келади. Бу баланд биноларнинг отахон кўчалари қандай бўлган. Асрларни кўрган деворлар борми? Уларнинг сўзсиз айтадиганларини баъзида кўргинг, нафақат кўргинг, балки бошқаларга ҳам кўрсатгинг келади. Балки у ерлардан ҳам жонажон қишлоғингда ҳис қиладиганларингни топа оларсан.

Шуларни ўйлар эканман, рюкзакни осиб, камерани кўтариб, “Қайдасан Хастимом” деб йўлга чиқдим. Бир неча йил аввал иш билан шу томонга йўлим тушганида шундай маҳаллаларга кўзим тушганди. Сўнг одамлардан сўраб-суриштиришларим мени шу ерга етаклади.

Мана, Тошкентнинг энг қадимий манзилларидан биридаман. Ўша менга айтиб беришган, кинофильмларда кўрган тор йўлакли кўчалардан кириб боряпман. Аввалига қўрқдим ва мени кластрафобиям йўқ эди, ўтиб кетди. Сўнг завқлана бошладим, ахир сени ҳеч қандай машина уриб кетмайди. Дарвозалар ҳам кўчаларга монанд кичик. Ўйланиб қолдим, одамлар шу қадар зич яшаганми?

Аксарият кўчаларнинг охири берк. Мана шундай кўчаларга кириб чиқаётсам бир амакига дуч келдим. Мендан озроқ ўтиб “Қизим кимнинг уйини қидиряпсиз?” деб савол бердилар. Шу сўзларнинг ўзи юрагимни энтиктириб юборди. Қишлоғимни эсладим, чунки шаҳарда ҳеч ким сизнинг адашиб юрсангиз, ҳолинг не деб сўрамайди. “Ассалому алайкум, йўқ амаки журналистман суратга олиб юрибман”, – дедим кулиб. Суратга олишда давом этдим.

Озроқ юргач, маҳалла чойхонасига келиб қолдим. Мана сенга топилма! Ахир ҳозир чойхоналар ҳам замонавийлашиб кетган. Маҳаллани кезарканман у тезгина тугаб қолди. Буёғи баланд, файзсиз бинолар, бирдан эсимга “Маҳаллада дув-дув гап”, “Ёр-ёр” кинофильмлари келди… Нима бўлса ҳам энди бузилмасин-да. Менимча, бу уйлар ҳам тарихий ёдгорлик.

Бу маҳаллаларда яшайдиганлар менга ўхшаб тўсатдан бориб қолганлар олдидан бефарқ ўтиб кетмайди. Дарров сизни суҳбатга тортади, сизга қандайдир ёрдам бергиси келади. Камерадан ҳам ҳадиксарамайди, шубҳаланмайди. Керак бўлса ўзлари суратга тушиб беради. Баъзилари бу жойлар ҳақида эринмасдан сўзлаб беради.

Бир отахон бузилиб кетган биноларни хотирлади. Бу ерни “Чувалачи” эканини унутмаслигимни қаттиқ тайинлади. Маҳаллани тарк этаётганимда бир неча кўчадан бери мен билан келаётган амаки: “Иккинчи чойхонадаги мудраб турган бобойни ҳам суратга олдингми?” – деб тўсатдан сўраб қолдилар.

Фазилат Соиб