Ёз ойлари яқинлашиб, «банка сезони» бошланиши билан аҳолининг аксарият қисмини шакар ва унинг нархи кўтарилиб кетиши ҳақидаги хавотирли ўйлар қийнай бошлайди. Бу сафар бундай хавотирли ўйларнинг юзага келишига эса, Россия оммавий ахборот воситаларида шакар экспортига 2024-йил 31-августгача вақтинчалик тақиқ жорий этиш режалари ҳақида берилган хабар хабар шакар танқислик ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлди.
Аммо бу сафар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу йили кузатилиши мумкин бўлган шакар тақчиллиги ҳақидаги ваҳималарни инкор этиб, бозорларда нархларнинг барқарор бўлишини айтмоқда.
Бошқарманинг таъкидлашича, Ўзбекистон ички бозорида шакар тақчиллиги кутилмайди, чунки уни ишлаб чиқариш учун асосий хом ашё Бразилия ва Ҳиндистондан етказиб берилади, бу умумий ҳажмнинг 98 фоизини ташкил қилади. Ўтган йили бу етказиб бериш ҳажми 762 минг тоннага етган эди.
Шунингдек, бошқарма берган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш бўйича ички қувват етарли. “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” заводларида йилига 900 минг тоннадан ортиқ шакар ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шакарга бўлган ички эҳтиёжи 650-700 минг тоннани ташкил қилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фуқароларни ҳушёр бўлишга, шакар нархи кўтарилиб кетиши ҳақидаги асоссиз гап-сўзларга берилмасликга чақирди.