Намангандаги шифохонада 43 ёшли эркак ўзини осиб қўйди

Бугун, 8 апрель куни Наманган вилоятидаги шифохонада эркак ўзини осиб, вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов QALAMPIR.UZ‘га маълум қилган.

Қайд этилишича, соат 00:45 ларда Чортоқ тумани “Ўзбекистон” МФЙ Ўзбекистон кўчасида яшаган 43 ёшли эркак кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда Янгиқўрғон тумани марказий шифохонаси Ҳушёрлантириш бўлимидаги дарчанинг темир панжарасига ўзини осиб, вафот этган. 

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Наманган филиали Янгиқўрғон туманлараро бўлинмасининг бугун, 8 апрелдаги дастлабки маълумотномасига кўра, фуқаро У.И.нинг ўлими “бўйин соҳасининг сиқилишидан келиб чиқадиган механик асфикция, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги” оқибатида содир бўлгани, унинг танасида “бўйин қисмидаги стронгуласион эгат”дан бошқа тан жароҳатлари аниқланмаганлиги кўрсатилган.

Эркак 7 апрель куни соат 21:58 да Ҳушёрлантириш бўлимига туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси инспектори Жўрабоев Тоҳиржон томонидан маст ҳолда хонадонида жанжал қилганлиги сабабли ётқизилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Янгиқўрғон туман прокуратураси ҳамда туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилиши таъминланади”, дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, эркак мавсумий ишчи бўлган. У турмуш ўртоғи билан қонуний ажрашмаган бўлса-да, лекин 2 ойдан буён бирга яшамаётгани аниқланган.