Аввал хабар берганимиздек, Шавкат Мирзиёев айни вақтда Жиззах вилоятига бўлиб турибди. Ташриф доирасида президент бир қатор объэктларда бўлди. Улардан бири “ADM Jizzakh” автомобиль заводи.
“ADM Jizzakh” масъулияти чекланган жамияти 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган уч йилда “Kia”, “Chery” ҳамда “Haval” брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган.
Қайд этилишича, заводда 30 та робот бор, ишлаб чиқариш жараёни 33 фоиз автоматлаштирилган. Автомобилнинг юриш қисмлари созлиги, статик ва динамик тормоз тизимини текшириш жиҳозлари ўрнатилган.
2024-2027 йилларда 348 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиририш режалаштирилган. Айни пайтда мамлакатимиздаги 21 та корхона билан кооперация тизими йўлга қўйилган.
Маълум қилинишича, корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Натижада келгусида иш ўринлари сони 3 мингга етказилиши кўзда тутилган.
Автомобиллар сифатини янада ошириш мақсадида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва Вьетнам давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилди. Бу борада хорижий ҳамкорлар билан жорий йилдан бошлаб дастлаб 50 нафар муҳандис Жанубий Корея ҳамда Хитойдаги тадқиқот ва лойиҳалаш марказларида малака оширишга юборилиши белгиланган.
Шунингдек, президент заводда ишлаб чиқариш бошланган янги “Kia Sonet” автомобилини кўрди.