Мактабларда давомат пасайиб кетмоқда: ўқувчилар нега кўп дарс қолдиряпти?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари орасида давоматнинг пасайиб кетиши кузатилмоқда. Бу ҳақда МҲТИ таҳлилида айтиб ўтилган.

2024 йилнинг февраль ойидан эътиборан Миллий гвардия ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабларда давомат муаммоси билан шуғулланувчи махсус ишчи гуруҳ тузилди.

Давомат. э-мактаб маълумотларига кўра, 2022 йилда (жами ўқувчиларнинг 99 фоизи қамраб олинган) мактаблардаги ўртача давомат 83,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилга (98.8 фоизи қамраб олинган) келиб 82,5 фоизга тушган.

Асосий дарс қолдирувчилар

Айтиб ўтиш жоизки, давоматнинг энг паст кўрсаткичлари юқори синф ўқувчилари орасида (10-11 синфлар) кузатилган бўлиб, 78,4 фоизни ташкил этган. Бу 2022 йилдагига нисбатан 2,1 фоиз пунктига юқори.

Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг олий ўқув юртига тайёрланиш жараёнида қўшимча дарсларга қатнаши бўлиши мумкин. МҲТИ томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, 16-17 ёшли фарзанди бўлган ота-оналарнинг 87 фоизи фарзанди қўшимча дарсларга қатнашини билдирган.

Ҳудудлар кесимида вазият қандай?

Ҳудудлар бўйича давоматнинг энг паст кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (57,8 фоиз), Жиззах (76,9 фоиз), Тошкент (75,8 фоиз) ва Фарғона (79,8 фоиз) вилоятларида кузатилмоқда.

Энг юқори кўрсаткичлар эса Бухоро (89,1 фоиз), Сурхондарё (88,3 фоиз) ва Қашқадарё (88,2 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Қайси фанлар кўпроқ ўтилмай қоляпти?

Предметлар кесимида, бошланғич синф ўқувчилари орасида энг паст давомат кўрсаткичлари ўзбек тили ва математика предметларида кузатилган.

Ўрта синф ўқувчилари орасида ўзбек тили, информатика, адабиёт ва инглиз тили фанлари, юқори синф ўқувчилари орасида ҳамўзбек тили, информатика, алгебра ва инглиз тили фанларида давоматнинг энг паст кўрсаткичлари кузатилган.

Дарс қолдириш сабаблари

Ота-оналар орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра[1],  бетоб бўлиб қолиши (75,4 фоиз), ота-онасига ишларда ёрдам бериши (8,9 фоиз), ота-онаси ишга чиқиши кераклиги, 6 ёшгача бўлган болаларга қарайдиган бошқа одам йўқлиги (3,1 фоиз), хусусий ўқитувчи/репетитор билан ўқиши (1,7 фоиз), мактабга бориши учун қўшимча харажатларга маблағ етишмаслиги (1,1 фоиз) ўқувчиларнинг дарс қолдиришидаги асосий сабаблардир.

Сўровда қатнашган ота-оналарнинг 8,5 фоизи фарзанди нима сабабдан дарс қолдирганини билмаслигини айтган. Сўровнома республиканинг 14 та ҳудудида ўтказилган ва 2000 нафар ота-онани қамраб олган.

Ота-оналарнинг 76,9 фоизи фарзанди сўнгги бир ой давомида умуман дарс қолдирмаганини билдирган, 15,6 фоизи 1-2 кун, 7,4 фоизи 3-4 кун дарс қолдирганини айтган.

Мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмаслик, ҳомиладор бўлиб қолиш …

PISA маълумотларига кўра, Ўзбекистонда дарсларни кетма-кет уч ой қолдирган ўқувчилар улуши 18,5 фоизни ташкил этган (PISAда иштирок этган мамлакатлар орасидаги ўртача кўрсаткич 10,3 фоиз).

Бу кўрсаткич ўғил болалар орасида қиз болалар орасидаги кўрсаткичга нисбатан юқорироқ. Бетоб бўлиб қолиш (56,5 фоиз), оила аъзосига ғамхўрлик қилиш (22,7 фоиз), оилавий ишларда ёрдам бериш (17,6 фоиз), мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмаслик  (17,4 фоиз), зерикиш (17,4 фоиз), уйга пул олиб келиш учун иш топиш кераклиги (13,2 фоиз), транспорт муаммоси туфайли мактабга бора олмаслик (10,7 фоиз) ва ҳомиладор бўлиб қолиш (7,1 фоиз) дарс қолдиришдаги бошқа сабаблар сифатида кўрсатилган.