Сентябрдан бошлаб Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларини Жиззах шаҳри билан боғловчи “Иржар – Дўстлик – Жиззах” йўналишида тепловоз қатнови йўлга қўйилади. Натижада ушбу туманлардаги 450 минг аҳолини шаҳарга қатнашида енгиллик яратилади.
Бу ҳақда президент иштирокида Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Ундан ташқари, Вилоятдаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, жойларда боғча ва мактаблар қуриш, Жиззах шаҳридаги тиббиёт муассасалари ва кўприкларни таъмирлаш чора-тадбирлари юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Умуман, Жиззахда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, грантлар ажратиш учун қўшимча 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.