Қозоғистондаги сув  тошқини минглаб уйларни сув остида қолдирди

Мамлакатда ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари ташқи дунёдан узилиб қолган. Сирим областида куйдирги билан касалланган қорамолларнинг қабристонлари очилиб кетган. Яқин вақтлар ичида Россиядан катта миқдорда сув кириб келиши кутилмоқда.

Кенг кўламли сув тошқинлари оқибатида Қозоғистонда 70 га яқин аҳоли яшаш пунктлари ташқи дунёдан узилган, 86 мингдан ортиқ қозоғистонликлар ҳалокат ҳудудларидан эвакуация қилинган. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев буни Қозоғистонда сўнгги 80 йилликдаги энг йирик табиий офат деб атаган.

Қозоғистоннинг 17 областидан 10 тасида сув тошқинлари муносабати билан маҳаллий миқёсда фавқулодда вазият режими амал қилмоқда. ФВВ маълумотига кўра, фалокат ҳудудидан 86 мингдан ортиқ киши хавфсиз жойларга кўчирилган.

«Вазият қийин, аммо умидсизликка тушмаслик керак. Биз бу ҳолатни тўғирлаймиз, асосийси инсон қурбонларининг олдини олиш. Айтмоқчиманки, сизлардан бирортангиз ҳам давлат эътиборидан четда қолмайди. Барчангизга моддий ва бошқа ёрдам кўрсатилади. Сизнинг барча моддий йўқотишларингиз қопланади«, — дея муносабат билдирди президент Тўқаев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам 12-15 апрель кунлари кучли ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.