Қозоғистон Сенати аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунни икки ўқишда маъқуллади. Энди уни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев имзолаши керак.
Мазкур қонун уриш ва қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутади. Шунингдек, соғлиққа қасддан ўртача ва оғир шикаст етказганлик учун жазони кучайтиради.
Бундан ташқари, вояга етмаганларга нисбатан жисмоний зўравонлик ва шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ жиноятларда томонларнинг ярашуви эҳтимоли истисно қилинган.
Тузатишлар вояга етмаганларни ўлдириш, зўрлаш ёки жинсий тажовуз учун фақат умрбод қамоқ жазосини назарда тутади, 16 ёшга тўлмаган шахсларни “жинсий алоқага чорлаш” учун жиноий жавобгарликни ўз ичига олади. Ўз жонига қасд қилишга олиб бориш ва бунга ундаганлик учун озодликдан маҳрум қилиш, суитсидни тарғиб қилганлик учун эса жарималар назарда тутилган.