Либерал-демократик партияси Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутати, Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича комиссияси аъзоси Нуриддин Зайнитдинов кеча, 13 апрель куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилди.
Жамоатчилик фаоли сифатида ҳам яхши таниш бўлган Нуриддин Зайнитдинов Аэронавтика Федерацияси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
Депутатнинг нима сабабдан қўлга олингани ва ушлаб турилгани номаълум.
Қайд этиши керак, аввалроқ Нуриддин Зайнитдинов «‘Сиёсий буюртма’ билан менга қарши депутатлик фаолиятим учун провокациялар уюштирилаётгани ва менга босим ўтказилаётгани, мени обрўсизлантириш, номимни булғашга уринишлар менга ишонган ва мени сайлаган халққа нисбатан қилинган хиёнатдир», деб бир неча бор ўзига қарши «провокация» ва босимлар уюштирилаётгани ҳақида ёзганди.