Электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаганлик учун жавобгарлик мавжуд, деб ёзилади “Ўзенергоинспексия” хабарида.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг шу вақтига қадар истеъмолчиларни энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 1 минг 858 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Очиқланишича, ушбу аниқланган ҳолатларнинг 247 таси электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш билан боғлиқ қоидабузарлик экан.
Хабарда, инспекция электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, яъни электр двигателларидан, электр печлари ва бошқа электр ҳамда иссиқлик ускуналаридан мунтазам равишда, ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда тўлиқ фойдаланмаслик ёки уларни бекорга ишлатиб қўйиш (куннинг ёруғ вақтида чироқларни ёқиб қўйиш), ёритиш учун электр энергиясидан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатлари учун жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтган.
Маълумот учун, бу каби қоидабузарлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Бунда, жарима 1 млн 700 мингдан 5 млн 100 минггача бўлган суммани ташкил этиши мумкин.
Шунингдек, агар худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахслардан БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ундириб олинади. Бу эса 5 млн 100 минг сўмдан 10 млн 200 минг сўмгача пул маблағи деганидир.