Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда — ТИВ



Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда, дея баёнот берди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Ўзбекистон томони барча тарафларни босиқликка, ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришдан тийилишга ҳамда можарони энг қисқа фурсатларда сиёсий тартибга солиш учун мумкин бўлган барча чораларни кўришга чақиради.

«Мазкур минтақадаги кескинликнинг авж олиши янада жиддий оқибатларга ва кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.

13 апрель куни Эрон Исроил томон ўнлаб дрон ва ракеталарни учирди. Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху ҳужумдан сўнг дарҳол халққа мурожаат қилиб, мамлакат узоқ йиллардан буён Эрон ҳужумига тайёргарлик кўрганини, ҳукумат «ҳар қандай сценарийга, мудофаага ҳам, ҳужумга ҳам тайёрлигини» таъкидлаган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ Исроил томонидан Эроннинг Суриядаги консуллигига қилинган ва бир неча кишининг ўлимига сабаб бўлган авиазарбани кескин қоралаганди. «Хорижий давлатларнинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига ҳужум қилинишини мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлаган вазирлик.