Ўқитувчиларни яна «чиғириқдан» ўтказиш бошланди

Жорий йилнинг апрель-май ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари педагоглари Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаблари асосида малака (тест) синовларидан ўтказилади.

2024 йилнинг 1 январидан бошлаб, ўқитувчиларга тоифа бериш жараёни бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалга ошириб келинмоқда. Бунда педагогларни аттестациядан ўтказиш учун вазирлик томонидан янги тизим яратилиб, малака тоифасини бериш амалиётининг такомиллаштирилган, инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизими жорий этилди.

Апрель-май ойларига белгиланган синов жараёнлари ҳам амалиётга жорий этилган янги тизим асосида ўтказилади.
Икки босқичда ташкил этиладиган мазкур малака тоифасини олиш синовлари мамлакатимиз миқёсида бугун, 15 апрель кунидан бошланди ҳамда май ойининг якунига қадар давом этади.


Биринчи босқичда педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Иккинчи босқичда иштирокчининг педагогик маҳорати синовдан ўтказилади.  

Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилмоқда. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига йўл қўйилмайди.

Баҳолаш натижалари QR-код қўйилган электрон шаклдаги педагогларнинг шахсий кабинетига юборилади.

Аттестация натижасига кўра, педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун UzASBO ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурларига юборилади.