Президент давлат бюджетитини тежаш ва ортиқча ҳаражатлардан воз кечишни буюрди- Қозоғистон

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги йирик сув тошқинлари фонида ҳукуматга бюджет маблағларини тежаш ва йирик тадбирларни ўтказишдан воз кечишни буюрди.

Тўқаев бу ҳақда 16 апрел куни сув тошқинидан кейин эвакуация қилинган аҳоли билан учрашувда маълум қилди. Президент, шунингдек, давлат жабрланганларга сув тошқини етказган барча зарарни қоплаб беришини ваъда қилди.

Аввалроқ Тўқаев июн ойида Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтиши керак бўлган Остона халқаро форумини бекор қилганди. У ўз қарорини «кенг кўламли вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш ва мамлакат фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун молиявий ресурсларни тежаш зарурати» билан изоҳлаганди.

Қозоғистонда март ойи охирида йирик сув тошқинлари бошланганди. Бу вақт ичида 100 мингдан ортиқ одам сув босган ҳудудлардан олиб чиқилди, мамлакатнинг ўнта ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди.