Сергелида ўқувчилари қўлига игна санчган ўқитувчини фош қилган оналардан бири калтакланди

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги 277-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчилари қўлига игна ва “саморез” санчиб, жазолаб келгани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг ўқитувчи ишдан олиниб, ҳолат туман ИИБ томонидан суриштирилаётганди. Ўқитувчи зўравонлигини фош қилган оналардан бири ўзини мактаб директорининг ўринбосари деб таништирган масъул томонидан босимга учраган.

“Дарё”га мурожаат қилиб, воқеа ҳақида гапирган онанинг айтишича, у бугун мактаб биносида калтакланган.

Чиндан ҳам директор ўринбосарими?

Фарзандимизнинг ўқитувчиси ўзгаргач, бугунги дарс қандай ўтилар экан деб кузатишга бордик. Қараб турсак, ўзини директор ўринбосари деб таништирган аёл келиб, бизни синфхонадан ҳайдашга киришди. Ваколатингиздан фойдаланманг, бунақа ўзбошимчалик қилманг десам, менга зўравонлик қила бошлади. Ҳатто қўл кўтарди, — дейди оналардан бири.

Таъкидланишича, оналардан бирига қўл кўтарган шахс Сайёра Рашидова бўлиб, у директор ўринбосари эканини айтса-да, бу лавозимда ишламаслиги аниқ бўлган.

ИИБга ариза

Мен Сайёра Рашидова исмли мактаб ходимининг хатти-ҳаракати юзасидан ИИБга мурожаат қилиб, ариза қолдирдим, — дейди она.
Қўшимча қилишича, мактабнинг Сайёра Рашидова исмли ходими оналарни мактаб сирини оммага очиқлашда айблаб, уларни ҳақорат қилган. Шунингдек, оналардан бирига қўл кўтарган. Бу камераларга ҳам тушган.

Аризам ИИБ томонидан кўрилиб, мактаб зўравонига тегишли чора кўрилади деган умиддаман. Мактабдаги Миллий гвардия ходимлари зўрға ажратиб қолишди. Йўқса, билмадим нима бўларди. Булар ота-оналарга шунақа муносабатда бўлса, ўқувчилар ҳоли нима кечишини тасаввур қилаверинг, — дейди мурожаатчи она.
Эслатиб ўтамиз, воқеа юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани хабар берилганди. Натижалар ҳақида батафсил маълумот берилиши билдирилган.